Бу ҳақда Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълум қилди.
«Суҳбатда асосий эътибор Украина масаласини тартибга солишга қаратилди. Доналд Трамп можарони имкон қадар тезроқ тугатиш мақсадга мувофиқ экани ҳақидаги фикрни аниқ илгари сурди, бу эса дарҳол АҚШ ва Россия муносабатларини тўлиқ тиклаш учун салмоқли ва кенг кўламли истиқболларни очган бўларди. Айниқса, унинг фикрича, бу ҳар икки давлат учун улкан манфаатлар ваъда қиладиган савдо-иқтисодий алоқаларда акс этган бўларди. Доналд Трамп ўз президентлиги даврида бу борада ютуққа эришилишидан манфаатдор. Владимир Владимирович Путин бу кайфиятни қўллаб-қувватлади», – деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Москва ҳамда Киевга ташрифидан сўнг бўлиб ўтган суҳбат бир соат давом этган ва «конструктив ҳамда жуда очиқ» руҳда ўтган.
«Ўзингиз тушунасиз, суҳбат расмий тусда бўлган, шу сабабли мен сизлар билан кўплаб муҳим тафсилотлар ва нозик жиҳатларни баҳам кўра олмасам керак. Америкалик вакилларнинг ташрифи натижалари ижобий баҳоланди ва бу йўналишда, айтганча, бошқа айрим йўналишларда бўлгани каби, ишлар давом эттирилади», – деди Ушаков.
Унинг айтишича, Путин Трампга Россия жанг майдонидаги вазиятни ва унинг ривожланиш истиқболларини қандай кўраётгани ҳақида батафсил сўзлаб берган.
«Айтганча, ҳарбий ҳаракатларни тезроқ якунлаш учун америкаликлар амалда нималар қила олиши мумкинлиги ҳам қайд этилди», – деди Ушаков тафсилотларга берилмасдан.
«Гўёки Россиянинг Европа давлатларига қарши душманона ниятлари борлиги ҳақидаги миш-мишларни инобатга олиб, бизнинг Европага нисбатан ҳеч қандай тажовузкор режаларимиз йўқлиги, ҳатто хаёлимизда ҳам йўқлиги таъкидланди. Россия таҳдиди ҳақидаги тарқатилаётган уйдирмалар европаликлар учун фақатгина Украинага ёрдам ва ўз ҳарбий харажатларини оширишни ниқоблаш учунгина хизмат қилади», – деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, Путин ва Трамп алоқада бўлиб туришга ҳамда заруратга қараб тезда телефон орқали боғланишга келишиб олган.
















