11:52 / 09.03.2024
4987

Ўзбекистон–Қирғизистон бирга туризм ва савдо ярмаркаларини ташкил этиши мумкин

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти аҳолиси Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, зиёрат ва тиббиёт туризмига катта қизиқиш билдирмоқда.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консулхонаси ходимлари Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги "Бай-Мурас Холдинг" масъулияти чекланган жамияти директори Маматажи ўғли Ҳусанбой билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Учрашувда Ўзбекистон–Қирғизистон туркомпаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда туризм ва савдо ярмаркаларини ташкил этиш, ушбу мамлакатдан сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Маматажи ўғли Ҳусанбой Хива 2024 йилда "Ислом дунёсининг туризм пойтахти" деб эълон қилинганлигини алоҳида қайд этди. У, шунингдек, ушбу йил доирасида жорий май ойида Хива шаҳрида ўтказиладиган йирик учрашувлар, кўргазмалар ва маданий тадбирларда Жалолобод вилояти расмий идора ҳамда сайёҳлик компаниялари вакилларининг иштирокини ташкил этишга амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот якунида Жалолобод шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон сайёҳлик компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида давра суҳбати, ишбилармон доира вакиллари ўртасида В2В форматидаги музокаралар ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб сайёҳлик турларини  ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди.

Top