Ўзбекистон | 12:59 / 10.03.2024
49331
2 дақиқада ўқилади

Ню-Йоркда хотинига жароҳат етказган ва полицияга пичоқ билан ташланган ўзбекистонлик отиб ташланди

Оилага яқин бўлган одамлар эркакда руҳий томондан муаммолар бўлганини айтишган.

Ню-Йорк шаҳрида хотинига пичоқ ўқталиб, унга оғир тан жароҳати етказган ўзбекистонлик эркак полиция ходимлари томонидан отиб ташланган. Бу ҳақда The New York Post нашри хабар бермоқда.

Ҳодиса 2024 йил 8 март куни содир бўлган. Ню-Йоркнинг Квинс даҳасида уюштирилган тадбирда самарқандлик экани айтилаётган эр-хотин Жамшид Неъматов ва Амира Неъматова жанжаллашиб қолган.

Жанжал асносида эркак хотинига пичоқ билан зарба берган ва уни оғир жароҳатлаган.

Воқеа жойига етиб келган Ню-Йорк полицияси ходимлари жаҳл отига минган эркакдан қўлидаги пичоқни ташлашни талаб қилган. Оила бошлиғи талабга бўйсунмагач, полиция ходимлари унга ўқ узишга мажбур бўлган.

Оқибатда асли ўзбекистонлик бўлган Жамшид Неъматов ҳалок бўлган. Унинг жароҳатланган хотинида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Маълум бўлишича, эр-хотин узоқ йиллардан буён бирга яшаб келган ва уларнинг 4 нафар фарзанди бўлган. Фарзандларидан тўнғич қизи 23, иккинчи қизи 20, ўғиллари 17 ва 14 ёшда экани айтилмоқда.

Мавзуга оид