Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша ТИВ раҳбари НАТО аскарлари «аллақачон Украинада борлиги» ҳақида айтди
Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Украинада аллақачон НАТО давлатлари ҳарбий хизматчилари мавжудлигини айтди, аммо бу қайси мамлакатлар эканига аниқлик киритмади.
«НАТО аскарлари аллақачон Украинада мавжуд. Ва мен ушбу таваккалчиликка қўл урган ушбу мамлакатлар элчиларига миннатдорчилик билдиришни истардим. Бу мамлакатлар улар кимлигини билишади, аммо уларни ошкор этиб бўлмайди. Бошқа сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, мен рўйхатни очиқламайман», — деган Сикорский Полшанинг алянсга аъзолигига 25 йил тўлгани муносабати билан 8 март куни ўтказилган конференциядаги дискуссия чоғида.
У НАТО ҳарбийларининг Украинада бўлиши «тасаввур қилиб бўлмас» ҳолат эмаслигини ва НАТО қўшини Украинага юборилишини «истисно қилиб бўлмаслиги»ни айтган Франция президенти Эммануэл Макроннинг ташаббусини маъқуллашини билдирган. «Гап Путин биздан қўрқиши ҳақида эмас, биз Путиндан қўрқмаслигимиз ҳақида», — дея қўшимча қилган Сикорский.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова «Известия» учун интервюсида Сикорскийнинг гаплари юзасидан изоҳ бериб, алянс вакили «энди бу ҳолатни инкор этишидан маъно йўқлиги»ни айтган.
- 26 феврал куни Франция президенти Эммануэл Макрон Европанинг 20 мамлакат етакчилари учрашувидан кейинги конференцияда НАТО қўшинлари Украинага юборилишини истисно қилмаслигини айтганди. Шундан кейинги кунларда ғарбнинг қатор давлатлари, жумладан АҚШ вакиллари ҳам бундай эҳтимолни рад этди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса алянснинг бундай режалари йўқлигини маълум қилди.
- Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Макроннинг сўзларига муносабат билдириб, агар Украинада НАТО қўшини пайдо бўлса, Россия ва алянс ўртасидаги тўқнашувдан қочиб қутулиб бўлмаслигини айтди.
- 4 март куни Макрон ўз сўзларига аниқлик киритиб, Франция Украинага ўз ҳарбий контингентини юбориш имкониятини кўриб чиқмаётгани, аммо украинларни қўллаб-қувватлаш учун қилиш мумкин бўлган барча ишни ўйлаб кўраётгани ва «муҳокама қила бошлагани» ҳақида айтди. Кейинроқ у «ниманидир истисно қилмаслик — буни аниқ қилишни англатмаслиги»ни билдирди.
- 7 март куни Франция сиёсий партиялари етакчилари билан ўтказилган учрашувда Макрон Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги лозимлигини айтди. Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари саналган Дмитрий Медведев эса бунга жавобан «у ҳолда Россияда Франция билан муносабатларда ҳеч қандай қизил чизиқлар қолмаслиги»ни билдирди.
Мавзуга оид
17:21
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026