Ғазо сектори айни дамда дунёнинг яшаш энг хавфли ҳудудига айланиб бўлди. Шундоғам жуда кичик ҳудудда яшайдиган 2 миллионга яқин одам ҳозир Ғазонинг бир бурчагидаги Рафаҳ шаҳридаги омон қолган бинолар ёки палаткаларда жон сақлашга мажбур. Ғазо мусулмонлари ислом олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойини мана шундай кутиб олмоқда.
Тинчлик келишуви бўлмайди
Тинчлик музокараларида воситачилик қилаётган АҚШ, Миср ва Қатар Рамазон ойигача томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича муросага келишига умид қилаётганди. Аммо, афсуски, Рамазон ойида Ғазода тинчлик келишуви бўлмайди ва уруш давом этади. ҲАМАС вакиллари Қоҳирадаги музокараларни тарк этиб, кейинги ҳафтадагина қайтишларини маълум қилишган. Ўз навбатида, Исроил ҳудуддаги амалиётлар тўхтамаслиги, хусусан, ҳозир 2 миллионга яқин фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳда ҳам давом эттирилишини айтмоқда.

ҲАМАС вакиллари музокараларда гаровда қолаётган одамлар фақат Исроил армияси сектордан чиқиб кетганидан кейин қўйиб юборилишини очиқ айтган. Исроил эса ҲАМАС йўқ қилингунга қадар жанг қилишда давом этиб, асирларни керак бўлса куч билан қайтаришини иддао қилмоқда. Мисрдаги музокараларда Исроил вакиллари иштирок этмади. Чунки аввалроқ ҲАМАС вакиллари гаровда қолаётган одамлар ҳақида маълумот беришни рад этган.
Даҳшатли очлик
Ғазога турли давлатлар осмондан гуманитар ёрдам юклари ташлашда давом этмоқда. Аммо бу муаммони ҳал қилиш учун етарли бўлмаяпти. Қолаверса, осмондан ташланган юкларнинг баъзилари парашюти очилмай қолиши туфайли одамлар устига тушиб, 5 киши ўлимига сабаб бўлди.

Фото: SAID KHATIB / AFP
Секторда бўлиб турган БМТ вакиллари Ғазода очлик жуда жиддий муаммога айлангани, боргани сари кўпроқ болалар очликдан ҳалок бўлаётганини айтмоқда. Ҳозир Рафаҳдаги лагерларда минглаб одамлар Ғазонинг бошқа ҳудудларидаги уйларини ташлаб келиб яшамоқда. Улар палаткаларда жон сақлашга мажбур. Ҳудуддаги деярли ҳамма даромад манбасини йўқотган ва фақат инсонпарварлик ёрдами эвазига қорнини тўқлаши мумкин.






















