Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 март ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 32,2 млрд долларни ташкил қилди.

Захиралар февраль ойига нисбатан деярли 1,22 млрд долларга, йил бошидан бери эса 2,37 млрд долларга камайган.

Йил бошидан бери олтин захиралари қиймати 24,63 млрд доллардан 24,09 млрд долларгача пасайган. Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми 11,9 млн троя унция миқдорида ўзгаришсиз қолган.

Шунингдек, хорижий валюта захиралари қиймати 9,37 млрд доллардан 7,55 млрд долларгача қисқарган.

“Халқаро захиралар ҳажмидаги йил бошига нисбатан ўзгаришлар мавсумий тусга эга бўлиб, одатда январь-февраль ойларида кузатиладиган тенденция ҳисобланади. Шунингдек, мазкур динамикага 2019 йилда муомалага чиқарилган суверен евро облигациялар бир қисмининг сўндирилиши ҳам таъсир кўрсатган”, дейилади Марказий банк изоҳида.