Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни жорий йилда уй-жойлар ҳамда «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши бўйича йиғилиш ўтказди.
«Халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида барча ҳудудларда янги уй-жойлар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, одамларнинг харид имкониятини кенгайтириш учун тўрт йил олдин ипотека тизимининг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби жорий қилинди. Унга мувофиқ, ўтган даврда барча манбалардан 100 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Буларнинг ҳисобига ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила янги бошпанали бўлди. Даромади юқори бўлмаган 45 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидиялар берилди.
Жумладан, ўтган йили мамлакатимиз бўйича 85 мингта ёки 2022 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп хонадон қурилди. Аҳолига 17 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.
Аҳоли сонининг ўсишини инобатга олиб, бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилги дастур доирасида 100 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинган.

Аввало янги уйларнинг сотув нархи ва сифатига эътибор қаратилиб, номутаносибликлар кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифатини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шу мақсадда, таклифни кўпайтириш учун кўп қаватли уй-жойлар қурилишига қўшимча ерлар аукционга чиқарилиши белгиланди.
Давлат раҳбари бу соҳада аҳоли ва қурувчилар учун қатор янги имкониятлар берилишини маълум қилди.
Бу йил ипотекани молиялаштириш учун барча манбалардан 22,5 триллион сўм йўналтирилади. Жумладан, ипотека кредитлари учун қарийб 10 триллион сўм, даромади юқори бўлмаган 20 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун 2,3 триллион сўм берилади.
Пудрат ташкилотларининг айланма маблағини кўпайтириш учун 500 миллиард сўм ресурс йўналтирилади. Бунда йиллик 16 фоиз ставкада 12 ойлик имтиёзли давр билан 18 ойга имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бу мақсадларга банклар ҳам ўз маблағларини киритади.
Қурилиш ишлари ҳамда аҳолининг уй-жой сотиб олиши учун ҳам қўшимча енгилликлар яратилади. Хусусан, энди 5 қаватли уйларни барпо этишга камида «қониқарли» ва 9 қаватли уйларга «ўрта қониқарли» рейтингига эга бўлган пудратчилар жалб қилинади. Бу – қўшимча 2 мингга яқин пудратчига йўл очиб беради.




















