«Барселона» ўтган мавсум яримфиналчисини турнирдан чиқариб юборди

«Барселона» — «Наполи» 3:1
Голлар: Лопес (15), Канселу (17), Левандовски (83) — Рраҳмани (30).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси, Канселу, Кристенсен (Ромеу, 61), Гундўған, Фермин Лопес (Серхи Роберто, 60), Рафиня (Феликс, 81), Ямал, Левандовски.
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани, Мариу Руй (Оливера, 64), Лоботка, Замбо-Ангисса, Траоре (Распадори, 78), Политано (Линдстрем, 64), Кварацхелия (Нгонж, 90+3), Осимҳен
Огоҳлантиришлар: Кристенсен (19), Ямал (44), Жезус (45), Траоре (63), Оливера (67).
Биринчи ўйин — 1:1.
«Барса» – Европанинг топ-8 жамоалари қаторида. Испаниянинг амалдаги чемпионлари Италиянинг амалдаги чемпионлари дарвозасига учта гол урди ва Чемпионлар лигасидаги курашни давом эттирадиган бўлди.
«Барселона» ЕЧЛ плей-оффида бир вақтнинг ўзида 18 ёшдан кичик бўлган икки футболчини бошланғич таркибда туширган илк жамоага айланди. Хави 17 ёшли марказий ҳимоячи Кубарси ва 16 ёшли вингер Ямални илк дақиқалардан ўйнатди. Ламин учун «Наполи»га қарши ўйин – ЕЧЛдаги саккизинчиси бўлди, бу ёшдаги футболчилар асосий еврокубокда кўпи билан тўрт ўйин ўтказган. Кубарси учун эса бу турнирдаги дебютга айланди. Бундан ташқари, Френки де Йонг ва Педрининг жароҳати туфайли 20 ёшли Фермин Лопес асосий таркиб футболчисига айланмоқда.
«Барселона»нинг порлаётган ёш юлдузлари илк дақиқаларданоқ диққат марказида турди. Кубарси жамоаси жарима майдони ичида Осимҳендан тўпни олиб қўйиб хавфни бартараф этган бўлса, Ямал ўйиндаги илк хавфли зарба муаллифи бўлди. Умуман олганда, интенсив ва томошабоп кечди. Жамоалар рақибни шунчаки позицион мудофаада кутмасдан, бир-бирини анча олдинроқда қарши олишди ва прессинг билан хатоларга мажбур қилишди. Ўзини ҳаддан ташқари эркин ҳис қилмаслиги учун Ямални бир неча бор йиқитишди, нидерландиялик ҳакам Маккели эса ўйнашга қўйиб берди.
«Наполи» ҳимоячилар ортига узатмалар орқали Осимҳенни олдинга бошлашга урғу қаратди (нигериялик форвард кўпинча офсайдда қолиб кетди), Хави жамоаси ҳам шундай қуролдан фойдаланди. Шундай ҳужумлардан бирида Фермин Кубарсининг қойилмақом пасидан кейин яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо вазиятдан фойдалана олмади. Аммо ушбу яримҳимоячи бир неча дақиқа ўтиб хатосини тузатди. «Барселона» тўпга эгалик қилаётганида уч ҳимоячи орқада қолди, Ямал ва Канселу эса қанотларни кенгайтирди. Голли ҳужумни максимал даражада қанот чизиғига яқин ҳолатда очилган португалиялик футболчини тўп билан таъминлаган Кубарси бошлаб берди, шундан кейин Канселу Рафиняни олдинга бошлади, бразилиялик ҳужумчи эса рақиб жарима майдони марказида бўш қолдирилган Ферминни топди. Чиройли комбинация тўпга бир тегинишда гол билан якунланди.





















