Ғазодаги вазият

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқдаги агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини 7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилган болалар сони дунёда сўнгги 4 йилда бўлиб ўтган жамики урушларда ўлган болалар сонидан ҳам ошганини эълон қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил етакчилари Ғазода ўлдирилган болалар учун жавоб бериши шартлигини таъкидлади.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, сўнгги 17 йиллик қамал чоғида Ғазони очиқ осмон остидаги қамоқхонага айлантирган Исроил анклавни сўнгги 5 ой ичида фақат Иккинчи жаҳон уруши даврида кузатилган йирик концлагерга айлантирган.

«Бу ҳақида фақат биз гапираётганимиз йўқ, кимда виждон бўлса ҳаммасини кўриб турибди. Нетаняҳу ва унинг қотиллари тармоғи биз бу ҳақда гапирсак ташвишга тушиб қолишмоқда ва бизга антисемит ёрлиғи ёпиштириш пайида бўлишмоқда. Лекин улар Эрдўғанга ҳақиқатни сўзлашга халақит қила олмайди. Бугун золимни золим, қотилни қотил дейишимизга монелик қила олишмайди. Бизга ҳужум қилиб геноцид фактини яширишга уриниш ўрнига, Исроил ҳукмдорлари Ғазода очлик ва ташналикдан ўлаётган гўдаклар учун жавоб беришлари керак», — деган Туркия президенти. 

Ғазо учун музокаралар

ҲАМАС АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ташаббусига рози бўлди, деб хабар қилди Al Arabiya нашри.

Нашрнинг номи ошкор қилинмаган манбасига кўра, бу режа анклавда ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш ва гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилишни назарда тутади.

Аммо Қатар томони бу хабарларни рад этган ҳолда, сулҳ шартномаси томон бирор силжиш йўқлигини таъкидлаган.

Қатар томони Ғазода тинчлик ўрнатилиши учун олиб борилаётган музокараларда воситачилардан бири ҳисобланади. Уларга кўра, Исроил ва ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича битимга асло яқин эмас. Яъни вазият «жуда мураккаб»лигича қолмоқда.

«Биз келишувга яқинлашганимиз йўқ, бу эса томонлар келишувни амалга ошириш бўйича жорий зиддиятларни ҳал қилиш учун ягона фикрга келганини кўрмаётганимизни билдиради», — деган Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид ал-Ансорий. 

Украинага ҳарбий ёрдам