Ўзбекистон | 14:51 / 14.03.2024
16739
3 дақиқада ўқилади

«Ресурсларни доимий мижозига беряпти» — президент банклар фаолиятини танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги йиғилиш 14 та ҳудуд, 208 та туман ва шаҳар ҳокимлари, уларни ўринбосарлари, банклар, «маҳалла еттилиги» учун сабоқ бўлиши таъкидланди.

Давлат раҳбари тумандаги муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини белгилаб берди.

Энг аввало, давлат томонидан катта ресурслар ажратилаётганига қарамай, туманда тадбиркорликни ривожлантиришда банкларнинг ўрни сезилмаётгани қайд этилди.

Ўтган йили маҳалладаги тадбиркорлик учун Сайхунободга 120 миллиард сўм берилган. Туман тадбиркорлари ўтган йил солиқдан 85 миллиард сўмлик имтиёз олган.

Лекин бу маблағлар иш ўринларига айланмаётгани, камбағалликни қисқартиришга таъсири сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Хусусий секторда яратилган расмий иш ўрни бор-йўғи 968 тага кўпайган.

Яъни, банклар фақат қайтимни ўйлаб, осон йўл билан ресурсларни доимий мижозига бераяпти. «Мен ҳам тадбиркор бўлай, маҳаллада иш ўрни яратай», деган оддий одамлар четда қолиб кетяпти. Уларга тайёр лойиҳа пакетлари берилмаяпти.

Сайхунободда 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўсмаган. 

Мутасаддилар корхоналарга айланма учун пул бериб, маҳсулотни кўпайтиришга эътиборсиз бўлгани қайд этилди.

Бугунги кунда туманда 1 миллион сўмлик маҳсулот яратиш учун ўртача 126 киловатт-соат электр сарфланяпти. Бу – вилоятнинг қолган туманларидан 2 карра кўп.

Сабаби – 19 та маҳалладан 16 тасида юқори қўшилган қиймат яратадиган бирорта ишлаб чиқариш йўқ.

Ваҳоланки, тумандаги тайёр инфратузилмаси бор 16 та бино ва иншоот қимматлиги учун бир йилдан буён сотилмай ташландиқ ётибди. Яна узоқ йиллардан бери бўш турган 5 та объект аукционга чиқарилмаган.

Тумандаги бирорта маҳаллада хом ашёни етказиш, борини қайта ишлаш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш ва кооперация қилиш бўйича тайинли иш олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бу борада маҳаллий саноатга масъул 13 та уюшма Сайхунободга 2023 йилда бирор марта келмаган. Бу йил учун ҳам режа қилмаган.

Туманнинг энг катта захираси ҳам, имконияти ҳам – ер. Масалан, Сайхунобод – аҳоли томорқаси 20 сотихдан ортиқ бўлган 26 та тумандан бири. Лекин бунинг 10 фоизи ишлатиляпти, асосий экин – беда билан макка бўлиб қолган.

Сайхунободнинг 19 километр ҳудудидан Сирдарё оқиб ўтгани учун, «сув текин» деган тушунча ўрнашиб қолган.

Туманда 89 та шоличилик фермер хўжалигида на лазерли текислагич, на ҳисоб-китоб бор. Шу ўринда, тумандаги 3 минг гектар шоли майдонларида ҳосилдорлик гектарига атиги 50 центнерни ташкил қилмоқда.

Каналларни бетонлаш режаси 61 фоизга бажарилган, холос. Бу вилоятдаги энг ёмон кўрсаткич.

Мавзуга оид