Ўзбекистон | 07:30 / 16.03.2024
3812
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади

Президент “2025 йилда ЮНЕСКО бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Сессияга тайёргарлик доирасида Маданий мерос агентлиги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда – Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмаларни ташкил этади.

Ташқи ишлар вазирлиги – ЮНЕСКО бош директори номига Ўзбекистон Республикасининг Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлиши учун расмий ариза топширади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия – Ўзбекистондаги шаҳарлар, ноёб маданий ва табиий мерос объектларини тегишлича ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар ҳамда Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоқларига, шунингдек, халқаро рўйхатларига киритиш чораларини кўради.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси – ЮНЕСКО мезонлари асосида ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўли давлат музейини ташкил этиш, соҳибқирон Амир Темур боғларини қайта тиклаш, Бибихоним мажмуасини реставрация қилиш, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий марказини муҳофаза қилишга қаратилган унинг мастер ва менежмент режаларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли қарорлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда – сессиянинг мамлакатда ўтказилиши аҳамиятини, шунингдек, Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига, глобал ташаббуслар муаллифига айланиб бораётганини атрофлича очиб беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид