Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқий Европадаги барча давлатлар СССР таъсир доираси остига тушиб қолади. Уларда коммунистик тузум ўрнатилиб “советча” бошқарув усули жорий этилади.

Шу тариқа Полша, Венгрия, Чехословакия (Чехия ва Словакия ўша пайтларда битта давлат бўлган), Руминия, Болгария, Албания ва Югославия (бу давлат олтита иттифоқдош республикадан иборат бўлган) 1990-йиллар бошигача СССР вассалига айланади.

Юқоридаги давлатлар орасида айримлари коммунистик тузумга қарши бош кўтариб кўради. Бироқ бундай ҳаракатлар Москва томонидан аёвсиз бостирилади.

Жумладан, 1953 йил 3 май куни Болгариядаги тамакини қайта ишлаш корхонасида, ўша йили 31 май 2 июн оралиғида Чехословакиядаги бир нечта корхоналарда, 15-18 июн кунларида ГДРда ишчилар маошлар камлиги, меҳнат шароити ёмонлиги сабабли коммунистик тузумга қарши намойишлар ўтказишади. Бу намойишларнинг барчаси аёвсиз тарзда бостирилади.

СССРга қарши кўтарилган исёнларнинг учтаси йирик кўламли бўлган ва уларда анча одам ҳалок бўлган, бошқалари тан жароҳатлари олган. Булар:

  • 1956 йил ёзда Полшанинг Познан шаҳрида содир бўлган антисовет ғалаёнлари;
  • 1956 йилда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар;
  • 1978 йилда Чехословакияда коммунистик тузумга қарши қўзғолон.

Ҳар учала ҳодисада ҳам жараёнга совет армияси аралашиб, қўзғолончилар, намойишчилар аёвсиз отиб ташланади.

Совет танклари Прага шаҳрида, 1968 йил
drugoi.livejournal.com

Социалистик лагерга кирувчи давлатлар орасида Югославия ва Албания СССР билан сал муросасиз муносабатда бўлишган. Бу икки давлат социалистик лагердан чиқишга уринмаган, шунчаки бошқа масалаларда келишмовчиликлар келиб чиққан.

Масалан, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Югославияни бошқарган Иосиф Броз Тито ва Албанияни бошқарган Анвар Хўжа Сталин билан жуда дўстона алоқада бўлган.

1953 йилда Сталин вафотидан сўнг СССРда уни қоралаш компанияси бошланади ва бу Броз Тито ҳамда Анвар Хўжага ёқмайди. Шу сабабли Албания ва Югославия Москва билан муносабатларда совий бошлайди.

1955 йилда ташкил этилган социалистик лагерга кирувчи давлатларнинг ҳарбий блогига Югославия аъзо бўлмайди. Албания бошида аъзо бўлиб, 1962 йилдан иштирокини тўхтатади. 1968 йилдан ҳарбий блокдан чиқиб кетади.