Озиқ-овқат қуруқлик ва ҳаво орқали ҳам етказиб берилмоқда, аммо Ғазо секторидаги ҳозирги талабни қондириш учун бунинг ўзи етарли бўлмаяпти.

Денгиз миссияси Американинг World Central Kitchen (WCK) хайрия ташкилоти орқали амалга оширилди, асосий молиявий донор — Бирлашган Араб Амирликлари, испанларнинг хайрия ташкилоти эса кема тақдим этган.

Инсонпарварлик ёрдамининг илк партияси орқали гуруч, ун, ловия, консерваланган сабзавотлар ҳамда консерваланган оқсилли маҳсулотлар олиб келинган.

Айни вақтда WCK бутун аҳолиси очликка маҳкум бўлган Ғазо учун ёрдамнинг иккинчи партиясини тайёрламоқда.

World Central Kitchen асосчиси, таниқли шеф-ошпаз Хосе Андрес Twitter саҳифасида соҳилга туширилган озиқ-овқатлар 12 та юк машинасига ортилганини маълум қилган.

Анклавда порт йўқ, шу туфайли юкларни қабул қилиш учун вақтинчалик причал ташкил қилинган — унинг қурилишида вайрон бўлган биноларнинг қолдиқларидан фойдаланилган.

Ёрдам ортилган юк машиналари қаерга йўл олиниши ва сектор бўйлаб қандай тақсимланиши ҳозирча аниқ эмас.

Агар ушбу денгиз миссияси муваффақиятли деб тан олинса, инсонпарварлик юклари ортилган бошқа кемалар ҳам Ғазога йўл олади. Улар тўғридан тўғри анклавга етиб бориш учун яқинда очилган денгиз йўлагидан фойдаланади.

Инсонпарварлик юклари туширилиши учун вақтинча причал. Фото: Reuters

Юклар Кипрда Исроил ходимларини ҳам ўз ичига олган жамоа томонидан хавфсизлик текширувидан ўтказилади, бу юк тушириш вақтида шундай текширувга бўлган заруратни бекор қилади ва ёрдам етказиб берилишидаги кечикишларни камайтиради.

Аввалроқ АҚШ Ғазо соҳилида денгиз орқали етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида сузиб юрувчи док қурмоқчи экани маълум қилинганди. Оқ уйга кўра, бу орқали Ғазога кунига икки миллион порция емак етказиб берилиши таъминланиши мумкин. Аммо ҳозирча борти док қурилиши учун жиҳозланган ҳарбий кема анклавгача етиб бормаган.

Ёрдамни денгиз орқали юборишга қандай зарурат бор?

ҲАМАСнинг 7 октябр кунги ҳужумидан кейин Исроил Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаган ва анклав ташқи дунёдан буткул узилиб қолган.