Жамият | 10:37 / 17.03.2024
18478
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қоидаларни 118 марта бузган Матиз, 55 марта бузган Tracker-2 ушланди

Машиналардан бири аукционга чиқарилиш арафасида, иккинчиси жарима майдончасига жойлаштирилган.

Фото: МИБ

Тошкентда қоидаларни 118 марта бузган Матиз, 55 марта бузган Tracker-2 ушланган. Бу ҳақда МИБ Тошкент шаҳри бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Матиз машинаси ҳайдовчиси Н.А. жами 118 та қоидабузарлик содир этиб, 52 млн сўмдан ошиқ маъмурий жарималар ишлаб олган.

Ҳайдовчи йўлларда белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб, йўл чизиқларини босиб, қоидабузарлик содир этган. Бюронинг Сергели туман бўлими қарздор фуқарога тегишли бўлган Матизга қидирув эълон қилиб, ушланган машина жарима майдонига жойлаштирилган.

Ҳозирда хатланган транспорт воситасини қарздорликни қоплаш мақсадида аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Яна бир ҳолатда Бектемир туманида яшовчи аёл жами 55 та қоидабузарлик содир этиб салкам 62 млн сўм маъмурий қарздор бўлган.

Аёл машинада ҳаракатланаётган вақтида 45 марта йўлларда тезликни оширган, қолган 10 та қоидабузарликда йўл чизиқларини босган ва светофорнинг қизил чироқларида ўтиб кетган.

Бюронинг Бектемир туман бўлими ходимлари томонидан аёл бошқарган Tracker 2 машинасига қидирув эълон қилинган. Машина Тошкент шаҳридан топилиб ва жарима майдонига қўйилган.

Аввалроқ, Тошкентда қоидаларни 53 марта бузган ҳайдовчининг машинаси аукционга чиқарилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид