18 март куни ҳудудлардаги сенаторлар, маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибият мудирлари иштирокида навбатдаги онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни манзилли ўрганиш ҳамда самарали назоратни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилган. Семинарни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борган.
Маълум қилинишича, семинарда бугунги кунда маҳаллий кенгашлар фаолиятида учраётган айрим муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш бўйича вазифалар келишиб олинган. Маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш масалаларига етарли эътибор қаратилмаётганлиги таъкидлаб ўтилган.
Сенат раиси, маҳаллий кенгашлар томонидан ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ва лойиҳалар ижроси устидан самарали назоратни амалга ошириш, қолаверса уларнинг амалга оширилишида яқиндан кўмаклашиш бўйича ишлаб чиқилган механизм асосида ишларни ташкил этиш, бунда кенгаш, унинг котибияти доимий комиссиялари ҳамда депутатлар олдидаги вазифалар юзасидан батафсил тушунтириш бериб ўтган.
Мазкур тизим асосида эндиликда президент ҳужжатларида, ҳукумат қарорларида тегишли “йўл хариталари”да ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар, амалга ошириладиган лойиҳалар манзилли бириктирилади. Депутатлар томонидан ушбу вазифалар ижроси устидан назорат ўрнатилиши билан бирга, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида ижро ҳокимиятига амалий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳар чорак якуни бўйича тегишли туман, шаҳар вилоят кенгашлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси мажлисларида танқидий муҳокама қилиб борилади. Жойлардаги муаммоларни маҳалла еттилиги билан биргаликда “туман – вилоят – республика” даражасида кўтариб чиқиш ҳамда ҳал этиш тизими йўлга қўйилади.
Учрашувда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали депутатлик назоратини йўлга қўйиш масалалари юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилган.















