Самарқандда янги туғилган эгизак чақалоқлар “дом” йўлагида қолдириб кетилди
Туғилганига 4-5 кун бўлган чақалоқларни сумкага устма-уст солиб, ташлаб кетган аёл кўп қаватли уйдаги кузатув камерасига тушиб қолган. У юзини яшириш учун ниқоб таққан ҳамда рўмол ўраган ҳолатда бўлган. Қизалоқларни ҳудуд ҳамшираси кўриб қолиб, уларга биринчи ёрдам кўрсатган.
Самарқанд шаҳри, Қорасув массиви 75-кўп қаватли уйнинг йўлагида янги туғилган эгизак чақалоқлар қолдириб кетилди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Сумкага солинган ҳолатдаги чақалоқларни кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги хусусий клиника ҳамшираси кўриб қолган ҳамда уларга биринчи ёрдам кўрсатган.
“Беморларга қараб чиқаётган вақтимда йўлакда турган экан. Биринчи эътибор бермадим. Кейин йиғлаган овоз эшитилди ва қўлчаларини қимирлатди. Бу нима экан деб қарадим ва врачимга телефон қилдим. Врачим келди. Битта бола тагида қолиб кетган экан”, деган ҳамшира.
Эгизак қизалоқларни уй йўлагига аёл киши қолдириб кетган. Унинг ҳаракати кўп қаватли уйдаги кузатув камерасига тушиб қолган. Аёл ниқоб таққан, рўмолга ўраниб олган ҳолатда бўлган.
“Биринчи навбатда болаларнинг аҳволини кўрдик, амбулатор хонасига тушириб, юрак уришини текширдик. Эгизакларнинг иккаласи ҳам соғлом. Кейин ИИБга мурожаат қилдик. ИИБ ходимлари келиб, вазиятни ўргандилар. Болаларнинг онаси шу массив аҳолисидан, дея тахмин қиляпмиз. Сабаби, у бу ерда клиника борлигини билган”, дея таъкидлаган хусусий клиника раҳбари Баҳриддин Дониёров.
Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари Дилшод Раҳмоновга кўра, ҳозирда эгизакларнинг аҳволи яхши, улар тўлиқ назоратга олиниб, парвариш қилинмоқда.
“Чақалоқларнинг бири 2,3 кг, иккинчиси 2,4 кг вазнда. Улар марказимизда тўлиқ клиник ва лаборатория текширувларидан ўтказилди. Болалар соғлом, уларда бошқа нуқсонли ёки патологик ҳолатлар аниқланмади. Ҳозирги вақтда эгизаклар марказимизнинг неонтология бўлимида парвариш қилинмоқда. Мутахассисларимизнинг фикри ва ўтказилган текширувларга қараганда эгизакларнинг туғилганига 4-5 кун бўлган”, деган Дилшод Раҳмонов.
Қайд этилишича, ҳозирча болаларни ташлаб кетган аёлнинг шахси маълум эмас.
Мавзуга оид
13:49
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024