Ўзбекистон | 10:30 / 29.03.2024
18591
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охири ёғингарчиликсиз ўтиши кутилмоқда

Ўзбекистон бўйича 29-31 март кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 29 март куни республиканинг аксарият вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлиши мумкин. 

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида куннинг биринчи ярмида, Фарғона водийси вилоятларида эса кечга томон бироз ёмғир ёғиши мумкин. Хоразм, Бухоро вилоятларида бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди.

Дам олиш кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Бугун кундузи ҳаво ҳарорати +8...+13 даража атрофида бўлади. Дам олиш кунлари ҳарорат аста-секин кўтарилади ва якшанба куни ҳаво +14...+17 даражагача илийди.

Кечалари ҳарорат пасаяди ва якшанба кунига ўтар кечаси ҳаво +0...+5 даражагача бўлади.

Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб шарқ томондан эсади, бугун баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучаяди, дам олиш кунлари шамол тезлиги бироздан ўртачагача бўлади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 29-31 март кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор), 29 мартда баъзи жойларда кучли бўлади.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Пойтахтда 29 мартда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 30-31 мартда ёғингарчилик кутилмайди.

Бугун кундузи ҳарорат +10...+12 даража, шанба куни +12...+14 даража, якшанба куни +14...+16 даража бўлади. Кечалари ҳарорат +3...+5 даражагача аста-секин пасаяди.

Мавзуга оид