Жаҳон | 12:31 / 29.03.2024
12858
3 дақиқада ўқилади

Reuters Россияни тарк этган ғарб компаниялари йўқотишларини ҳисоблаб чиқди

Москванинг Украинага ҳужуми туфайли Россияни тарк этган ғарб компаниялари уруш бошланганидан бери жами 107 миллиард доллардан ортиқ зарар кўрган.

Фото: AFP / SCANPIX

Москванинг Украинага ҳужуми туфайли Россияни тарк этган кўплаб ғарб компаниялари уруш бошланганидан бери умумий қиймати 107 миллиард доллардан (тахминан 99 миллиард евро) кўпроқ зарар кўрган. Бу ҳақда 28 март, пайшанба куни зарар кўрган фирмаларнинг молиявий ҳисоботларини таҳлил қилган Reuters агентлиги хабар берди. Агентликнинг таъкидлашича, август ойида ўтказилган олдинги таҳлил билан солиштирганда молиявий йўқотишлар деярли учдан бир қисмга (плюс 30 миллиард доллар) ошган. Ушбу йўқотишлар, биринчи навбатда, ҳисобдан чиқариш ва қўлдан чиқарилган даромадлар билан боғлиқ.

Лондонда жойлашган S-RM глобал рисклар бўйича консалтинг компанияси таҳлилчиси Иэн Мессига кўра, бу салбий тенденция давом этади. «Россиядан чиқишга интилаётган компаниялар, эҳтимол, яна қийинчиликларга дуч келиши ҳамда катта ҳисобдан чиқариш ва йўқотишларни қабул қилишга мажбур бўлиши мумкин», - дейди у. 

Россия бозорини мингга яқин компания тарк этди 

Йел менежмент мактаби маълумотларига кўра, Россия бозорини мингга яқин компания тарк этган. Улар Россия бизнеси учун харидор топишга муваффақ бўлганида, расмийлар уни камида 50 фоиз чегирма билан сотишни талаб қилган. Баъзи ҳолларда бизнесни топшириш рамзий миқдор учун амалга оширилган. 

2024 йилда Shell, HSBC, Polymetal International ва Yandex NV компанияларига тегишли бўлган, умумий қиймати қарийб 10 миллиард долларлик активлар 90 фоизгача чегирмалар билан сотилган. Март ойида Danone ўзининг Россиядаги активларини сотиш учун тартибга солувчи органдан рухсат олганини эълон қилди, бироқ француз концерни 1,3 миллиард доллар (тахминан 1,2 миллиард евро) зарар кўрди. 

Россияда ғарб бизнеси ҳимояланмаган 

Ўз навбатида, уруш бошланиши билан ғарбда қарийб 300 миллиард доллар (тахминан 277,5 миллиард евро) қийматидаги Россия валюта ва олтин захиралари музлатиб қўйилди. Германия «Газпром»нинг шуъба корхонаси Gazprom Germania’ни миллийлаштирди, шунингдек, «Роснефть» компаниясини мамлакатдаги активлари, жумладан, Шведт шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи акциялари устидан назоратдан маҳрум қилиб, уларни ташқи назорат остига олди. Россия бунинг учун жавоб чоралари билан таҳдид қилмоқда. 

«Кремл уруш олиб бораётган экан, Россияда ғарбнинг ҳеч бир активини ишончли ёки ҳимояланган деб ҳисоблаб бўлмайди», - дейди Иэн Месси. Шу тариқа, Россия ҳукумати РФни тарк этган Fortum, Carlsberg, OMW, Uniper концерни активларини Федерал мулкни бошқариш агентлигига вақтинча бошқариш учун топширди. 

Шу билан бирга, Йел менежмент мактаби таъкидлаганидек, яна юзлаб ғарб компаниялари, жумладан Nestle, PepsiCo, Mondelez, Unilever Россияда фаолиятини давом эттирмоқда. 

Мавзуга оид