Жаҳон | 18:41 / 30.03.2024
5084
4 дақиқада ўқилади

Фаҳреттин Алтун: Маҳаллий сайловлар барча вилоятларни “Туркия асри” ғоясига тайёрлайди

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Kun.uz'га Туркия Республикаси президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи профессор Фаҳреттин Алтуннинг яқинлашиб келаётган маҳаллий сайловлар ҳақидаги изоҳларини тақдим этди.

Фаҳреттин Алтуннинг қайд этишича, Туркия 1946 йилда кўппартиявийлик жорий қилинганидан бери мунтазам, адолатли ва шаффоф сайловлар ўтказилган мамлакатлар рўйхатининг бошида келмоқда.

“Адолатли, шаффоф ва мунтазам сайловлар – замонавий демократик давлатларнинг энг асосий унсуридир. Демократиянıнг минимал шарти шундан иборатки, бошқарувчилар ўз ваколатлари ва ҳокимият кучини сайловчилардан, яъни бошқарилувчилардан оладилар. Бу ваколатлар мунтазам ўтказилиб бориладиган сайловлар орқали янгиланиб боради. Сайловлар орқали сайловчилар ўз номзодларининг сиёсати ва фаолиятига овоз беради, уларни ижобий ёки салбий маънода баҳолайди”, – дея ёзади профессор.

Туркияда эртага – 31 декабр, якшанба куни маҳаллий ҳокимият органлари учун сайловлар бўлиб ўтади. Унинг муҳим жиҳатларидан бири – бу сайловлардан кейин 4 йил давомида Туркияда бошқа янги сайловлар бўлмайди.

“Бундан ташқари, “Туркия асри”га янги ва фуқаролик конституцияси билан кириш мақсади келгуси 4 йилнинг энг муҳим идеали ва кун тартиби бўлади. Ушбу қараш доирасида Туркия демократик стандартларини юксалтирган, даромад ва фаровонлик даражасини оширган, минтақавий ва глобал актёр бўлиш даъвоси билан “Туркия асри”ни барпо этиш учун ҳаракат қилишда давом этади. Турк дунёсида минтақавий ҳамкорлик ва шериклик алоқаларини ошириш орқали “Туркия асри”нинг “Туркий дунё асри”га айланишини таъминлаш бу даврда ҳам устувор вазифаларимиз бўлиб қолади.

Бизнинг энг асосий сиёсий шиоримиз – Туркий Давлатлар Ташкилотининг янада муҳим аҳамиятга эга бўлиши ва турк дунёси муаммоларига доимий ечим топишда янада таъсирли ва самарали бўлишига эришишдир. Қолаверса, Туркиянинг, аввало FETO ва ИШИД каби террористик ташкилотларига қарши курашини ҳам қамраб олган сиёсий хассос масалаларда дўст ва қардош туркий давлатлардан энг асосийси баҳамжиҳатлик кўрсатишларини кутиб қоламиз”, – дейди Фаҳреттин Алтун.

Унинг қайд этишича, 31 март кунги сайловлар Туркиянинг барча вилоятларини, айниқса Истанбул ва Анқара каби шаҳарларини “Туркия асри”га тайёрлайди. Сайловдан кейинги энг муҳим вазифаларимиздан бири – миллий тараққиёт, 6 февралдаги зилзиладан зарар кўрган шаҳарларни тиклаш ва қайта қуриш, Истанбул каби зилзила хавфи юқори бўлган шаҳарларни чидамли шаҳарларга айлантириш бўлади.

“Туркия бундан буён ҳам шу пайтгача бўлганидек, сайловларни демократик тамойиллар доирасида ўтказади, амалдаги ҳукумати ҳам, мухолифати ҳам бирдек сайлов натижаларига ҳурмат билан қарайди ва энг муҳими халқаро майдонда барқарорлаштирувчи куч сифатида “Туркия асри”ни барпо этишда давом этади. Шунинг учун ҳам 31 март куни бўлиб ўтадиган маҳаллий бошқарув органларига сайловларни ички ва ташқи динамикаси жиҳатидан Туркиянинг келажакдаги ўн йиллик марраларига элтишга қодир бир сайлов дейиш мумкин”, – дея таъкидлаган Туркия Республикаси президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.

Мавзуга оид