15:04 / 02.04.2024
24976

Дронлар илк бор Татаристонгача етиб келди. Бу ҳақда нималар маълум?

Сешанба куни тонгда пилотсиз учиш аппаратлари уруш бошланганидан буён илк бор Татаристон ҳудудига қадар етиб келди ва Елабуга ҳамда Нижнекамскда жойлашган корхоналарга ҳужум қилди. Маҳаллий расмийлар Елабугага зарба оқибатида жароҳатланганлар борлигини маълум қилган. ОАВ маълумотига кўра, бу ерда Украинага ҳужум қилишда қўлланаётган дронлар йиғилади.

Татаристон раҳбарининг матбуот хизмати ҳужум оқибатида «жиддий вайронгарчиликлар йўқлиги, корхонанинг технологик жараёни бузилмагани»ни маълум қилган.

Reuters маълумотига кўра, Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида «Татнефт» компаниясининг «Танеко» нефтни қайта ишлаш заводидаги АВТ-7 нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмасига дрон ҳужум қилган.

Агентликнинг аниқлик киритишича,  заводнинг жами йиллик ишлаб чиқариш қувватининг (17 миллион тоннадан ортиқ - кунига 340 минг баррел) ярми ушбу қурилма ҳиссасига тўғри келарди.

Аввалроқ Нижнекамск шаҳри мэр Рамил Муллин пилотсиз учиш аппарати нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилишга урингани, аммо радиоэлектрон кураш воситаси томонидан зарарсизлантирилгани, ҳудудда жароҳатланганлар ва вайронгарчиликлар йўқлигини айтганди.

«Коммерсант-Казан» нашри манбаси эса пилотсиз аппарат «Танеко» ҳудудидаги тўсиққа урилиб, «парчаларга бўлингани» ва ёниб кетганини хабар қилган. Манбага кўра, яна бир дрон «қаергадир қулаб тушган».

Аммо ижтимоий тармоқларда зарба оқибатлари акс этган кадрлар тарқалган.

Жорий йил бошидан буён украин дронлари кўп марта Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилди, ОАВ маълумотига кўра, бу ёнилғи ишлаб чиқариш қисқаришига олиб келган.

Елабугада дронлар «Алабуга» эркин иқтисодий зона ҳудудига ҳужум қилган. Ҳудуд телеграм-канали маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 5:45 да иккита дрон гўёки ётоқхона ҳудудига зарба берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, самолёт типидаги дрон саноат биносига шўнғиган, шундан кейин кучли портлаш рўй берган.

Татаристон раҳбарининг матбуот хизмати республика соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб хабар қилишича, Елабугадаги объектларга дронлар ҳужуми оқибатида олти киши жароҳатланган.

Хабар қилинишича, жабрланганлардан уч нафари шифокор кўригидан кейин уйига қўйиб юборилган, яна уч нафари шифохонага ётқизилган.

Ягона навбатчи диспетчерлик хизмати эса РБК нашрига жароҳатланганлар сони 12 нафарга етганини маълум қилган, уларнинг барчаси «Алабуга Политех» коллежи талабаларидир.

Дронлар Украинанинг Харкив ва Суми областларининг чегара ҳудудидан учирилган бўлса, Россиянинг ғарбий ҳудудлари устидан Татаристонгача 1200 км масофани учиб ўтган бўлади. Бу Украина қуролли кучлари дронлари Татаристон ҳудудига илк бор етиб келиши ҳисобланади.

Елабуга ва дронлар

ОАВ маълумотига кўра, «Алабуга» эркин иқтисодий зона ҳудудида Россия мунтазам равишда Украина ҳудудларига ҳужум қилишда фойдаланадиган Shahed типидаги камикадзе дронлар ишлаб чиқариладиган завод жойлашган.

Елабугадаги эркин иқтисодий зона 2007 йилда очилган
Фото: ALABUGA.RU

«Протокол» нашри ҳамда «РЗВРТ» YouTube-канал журналистлари ўтказган суриштирувда тасдиқланишича, эркин иқтисодий зонадаги заводда камикадзе дронларни йиғишга «Алабуга Политех» коллежи талабалари ҳам жалб этилган.

Айнан дронларни йиғиш заводига ҳужум қилингани ҳақида «РБК-Украина» ҳам ўз манбасига асосланиб хабар қилган. Нашр суҳбатдоши маълум қилишича, «ишлаб чиқариш қувватида жиддий вайронгарчиликка олиб келган» ҳужум Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси томонидан амалга оширилган.

2023 йил августида Америка нашрлари, хусусан Washington Post Елабугада Эрон моделидаги камикадзе дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилгани ҳақида хабар қилганди.

2023 февралида Wall Street Journal газета АҚШга иттифоқчи бўлган давлатлардан бирининг шахси сир қолишини сўраган расмийсига таяниб, Москва ва Теҳрон Россияда Украинадаги уруш учун камида 6 мингта дрон ишлаб чиқаришни режалаштиргани ҳақида хабар тарқатганди.

Дронлар ва нефтни қайта ишлаш заводлари

Украин нашрлари йил бошидан буён Россиядаги саноат объектлари, жумладан нефтни қайта ишлаш заводларига қилинаётган ҳужумлар ортида Украина разведка бошқармаси тургани ҳақида хабар бериб келади.

Россиянинг йил бошидан буён Украина дронлари ҳужумига учраган нефт ва газ объектлари жойлашган шаҳарлари

Киев расман зарбаларга алоқадорлиги ҳақида маълум қилмаган, аммо ўтган ҳафтада президент Володимир Зеленский Washington Post нашрига берган интервюсида АҚШ ҳукумати бундай ҳужумларга салбий реакция билдиришини айтиб ўтганди.

«Биз ўзимизнинг дронларимиздан фойдаланмоқдамиз. Ҳеч ким бизга буни қила олмаслигимизни айта олмайди», — деганди Зеленский Россия нефтни қайта ишлаш заводлари ўққа тутилишини Украинада ўз энергетика инфратузилмаларини Россия зарбаларидан ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етарли эмаслигига боғлаган ҳолда.

Украина зарбалари ғарб томонидан импорт тақиқлари ва нарх чекловлари қўйилганига қарамай Москва ҳарбий иқтисодиётининг йирик даромад манбайи бўлиб қолаётган Россия нефт ва газ саноатига зарба бўлмоқда, деганди Американинг CNN телекомпанияси дронлар ҳужуми ҳақида.

Украина дронлари дастурига алоқадор манба CNN билан суҳбатда айтишича, катта масофага ҳаракатланувчи ва кенгроқ имкониятларга эга дронлар сунъий интеллект ёрдамида учирилмоқда, у дронларга мўлжал олиш ҳамда қарши таъсир чораларини четлаб ўтишда ёрдам бермоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top