Жаҳон | 10:07 / 03.04.2024
12656
4 дақиқада ўқилади

WP: АҚШ Россияни айнан «Крокус» террорчилар нишони экани ҳақида аввалдан хабардор қилган

WP мақоласида айтилишича, Вашингтон томонидан берилган огоҳлантириш аниқлиги Москванинг у террор ҳужуми олдини олишга ёрдам бера олмайдиган даражада умумий бўлгани ҳақидаги даъволарига зиддир. 

Фото: X / nexta_tv

Март ойи бошида Россия махсус хизматларига Россия Федерациясида теракт содир этилиши хавфи ҳақида маълумот юборар экан, Қўшма Штатлар Красногорскдаги «Крокус Сити Холл» концерт залини эҳтимолий нишон сифатида кўрсатган. Бу ҳақда 2 апрел, сешанба куни вазият билан таниш бўлган америкалик расмийларга таяниб, The Washington Post нашри ёзди

«Огоҳлантириш юқори даражада аниқлиги Вашингтоннинг ИШИД кўп сонли тинч аҳолига таҳдид соладиган ҳужум тайёрлаётганига ишончини таъкидлайди ва Москванинг АҚШ огоҳлантиришлари ҳужум олдини олишга ёрдам бера олмайдиган даражада умумий бўлгани ҳақидаги даъволарига тўғридан тўғри зиддир», — дейилади нашрда. 

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) аввалроқ Вашингтон «Россия расмийларига Москвада режалаштирилган теракт ҳақида маълумот берганини билдирган, бироқ «Крокус Сити Холл» эҳтимолий нишон сифатида кўрсатилганини айтмаган», деб эслатади WP. МХК журналистларга ушбу мақолага изоҳ беришдан бош тортди. Кремл матбуот хизмати тегишли сўровга жавоб бермади. 

«Террорчилар учун аниқ нишонни кўрсатиш - ноодатий қадам»

Вашингтон «огоҳлантириш бўйича жавобгарлик» деб номланувчи тамойилга амал қилган ҳолда, эҳтимолий терактлар ҳақида мунтазам равишда хорижий давлатлар билан маълумот алмашади. Бироқ, «душманга аниқ нишонлар ҳақида маълумот узатиш ноодатий қадамдир», дея мутахассисларнинг сўзларидан иқтибос келтиради WP: «Бу АҚШ разведка йўлларини фош қилиш хавфини ўз ичига олади ва разведка фаолияти ёки инсон манбаларини хавф остига қўйиши мумкин». Бироқ, концерт залида теракт тайёрланиши ҳақидаги маълумотлар Россиядаги америкаликлар учун эҳтимолий таҳдидни ҳам англатарди, дейилади мақолада. 

Нашр манбаларига кўра, Америка разведка хизматлари 6 март куни бўлажак теракт ҳақидаги маълумотларни «ФСБ»га етказган. Эртаси куни, 7 мартда АҚШнинг Москвадаги элчихонаси Россия пойтахтида эҳтимолий теракт ҳақида огоҳлантирди. Унда айтилишича, элчихона «экстремистлар яқин келажакда Москвадаги катта йиғинларга, жумладан, концертларга ҳужум қилишни режалаштираётгани, АҚШ фуқароларига эса кейинги 48 соат давомида одамлар гавжум жойларга бормай туриш тавсия этилгани» ҳақидаги хабарларни кузатган.

Нега хавфсизлик чоралари кучайтирилмади?

«Нега биринчи огоҳлантиришдан кейин хавфсизлик кучайтирилмади ва таъминланмади, бу номаълумлигича қолмоқда. Балки Россия разведка хизматлари 7 мартдан кейинги кунларда ҳеч қандай ҳужум содир бўлмаганини кўриб, АҚШ маълумотларини нотўғри деб ҳисоблаб, ҳушёрликни юмшатгандир», - дея Америка расмийларининг фикрини келтиради газета.

«Крокус»даги терактдан сўнг АҚШ разведка идоралари унинг ортида ИШИД ячейкаси турганини маълум қилди, бироқ Россия раҳбарияти ва «ФСБ» буни Украинага юкламоқчи бўлди, деб эслатади WP.

The Washington Post газетасининг қайд этишича, Америка разведка идоралари Россияни Москвадаги синагогага ҳужум эҳтимоли ҳақида ҳам огоҳлантирган. 7 март куни «ФСБ» Москвадаги синагогалардан бирида ИШИД бўлими жангарилари томонидан тайёрланган терактнинг олди олингани ҳақида хабар берди. 

«Крокус Сити Холл»га ҳужум

Москва яқинидаги Красногорскда «Крокус Сити Холл» биносига ҳужум 22 март куни кечқурун содир бўлди. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, автоматлардан ўт очган, бир неча портлашлар эшитилган ва ёнғин бошланган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 144 киши ҳалок бўлган, яна 551 киши жароҳатланган.

Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террор ташкилоти ўз зиммасига олди. Шу билан бирга, Россия раҳбарияти терактга Украинанинг алоқадорлигини тахмин қилмоқда. Киев, шунингдек, ғарб давлатлари, жумладан АҚШ ва Германия бу айбловларни рад этади.

Мавзуга оид