Шимолий Атлантика алянси ташқи ишлар вазирлари 3 апрел, чоршанба куни Брюсселда ташкилотнинг 75 йиллигига бағишланган икки кунлик учрашувга йиғилди ва Вашингтондаги юбилей саммитга тайёргарликни муҳокама қилди.

Учрашув байрам муносабати билан ўтганига қарамай, музокаралар асосий мавзуси Украинага Россияга қарши туришидаги ёрдам бўлди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг айтганидек, вазирлар «келгуси йилларда Украинага барқарор ва тахмин қилинадиган ҳарбий ёрдам учун кучли асос яратиш» ҳақида гаплашди.

Гап Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштириш учун беш йилга 100 миллиард евролик бюджет билан махсус фонд яратиш ҳақида кетяпти. 

Столтенбергнинг УҚК учун НАТО махсус жамғармаси ташаббуси

Вазирлар учрашуви арафасида бир қанча ОАВ шундай ташаббусни шахсан Столтенберг илгари сургани ҳақида хабар тарқатди. Таклифнинг мазмун-моҳияти алянсга аъзо 32 давлат ҳар бир мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмига мувофиқ НАТО умумий бюджетига бадал тўлаш тамойили бўйича Украинага ёрдам фондига молиявий ҳисса қўшишидан иборат. 

Бироқ журналистлар Столтенбергнинг ўзидан фонд ҳақида сўрамоқчи бўлганида, у ўз жавобларида жуда эҳтиёткор бўлиб чиқди ва ҳар қандай аниқ миқдор ёки тафсилотларни келтиришдан тийилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Украина Қуролли кучлари (УҚК) шошилинч эҳтиёжларга эга, шунинг учун иттифоқчилар «қўллаб-қувватлаш динамикасини ўзгартириши керак». 

«Биз Украинага узоқ муддатда ишончли ва тахмин қилинадиган ёрдам кўрсатишимиз керак. Ихтиёрий бадалларга камроқ ва кўпроқ НАТО мажбуриятларига, қисқа муддатли таклифларга камроқ ва кўп йиллик истиқболларга кўпроқ таянишимиз керак», - деди Столтенберг журналистларга.

НАТОнинг АҚШдаги саммитида Украинага ёрдам фонди тасдиқланади 

Якуний матбуот анжуманида Столтенберг Украинага 100 миллиард евро миқдорида ёрдам фондини яратиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаганини айтди. Шу билан бирга, бош котиб: «Биз консенсус томон кетмоқдамиз ва якуний қарор Вашингтонда қабул қилинади (июл ойидаги НАТО саммити давомида», деди.

Столтенберг «Рамштайн» ҳақида: Бизга барқарор ёрдам кафолати керак 

Брюсселдаги учрашув олдидан бир қатор оммавий ахборот воситалари НАТО УҚКни Доналд Трампнинг Америка президенти этиб сайланиши ёки бошқа иштирокчи мамлакатлардаги «сиёсий ўзгаришлар» хавфидан ҳимоя қилиш учун Украина мудофааси бўйича АҚШ бошчилигидаги «Рамштайн» алоқа гуруҳидаги мувофиқлаштириш ишларини ўз зиммасига олиши мумкинлигини ёзган эди.