Ғазодаги вазият

Ғазода давом этаётган қирғинбарот уруш ёшларнинг таълим олишига ҳам нуқта қўйган. 7 октябрдан буён Ғазо сектори ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида 6050 нафар фаластинлик талаба ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда. 10 мингдан зиёд талаба ярадор қилинган, ғарбий соҳилда 105 нафар талаба Исроил кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Ғазо секторида 266 нафар ўқитувчи ўлдирилган, мингга яқин ўқитувчилар ярадор бўлган. Ғарбий соҳилда 6 нафар ўқитувчи яраланган, 73 нафари эса ҳибсга олинган.

Исроил армияси Ғазо секторида 351 та мактабни бомбардимон қилган, уларнинг 40 таси бутунлай вайрон бўлган, 111 тасига жиддий зиён етган.

Гўдаклар қабристонига айлантирилган Ғазо бўйича айрим аянчли рақамларни яна ёдга оламиз.

2019 йилдан 2022 йилгача жаҳондаги барча ҳарбий можароларда 12 минг 193 нафар ёш бола ўлдирилган бўлса, биргина ўтган йилнинг 7 октябридан буён Ғазода ўлдирилган гўдаклар сони 12 минг 300 нафардан ошган.

Ғазо шимолидаги икки ёшгача бўлган ҳар учинчи бола очликдан силласи қуриган. Британияда жойлашган Save the Children хайрия ташкилоти Ғазода 27 нафар бола очликдан ўлганини аниқлаган.

Global Nutrition Cluster хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, Ғазодаги 5 ёшгача бўлган 346 минг бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. 

АҚШ Исроилни койиб қўйди

АҚШ президенти Жо Байден ва Исроил бош вазири телефонда ярим соат гаплашишган. Суҳбат асносида Байден Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилган.

«Биз яқин кунлар ва соатларда Исроилнинг позициясида ўзгариш бўлганига гувоҳ бўлишни кутмоқдамиз. Акс ҳолда бизнинг Исроилга нисбатан сиёсатимиз ўзгаради», — дея Байдендан иқтибос келтирмоқда АҚШ Давлат департаменти.

«Президент АҚШнинг Ғазо бўйича сиёсати Исроилнинг бу борадаги зудлик билан амалга оширган ишларига қараб белгиланишини аниқ тушунтириб қўйди. У ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ҳуманитар вазиятни яхшилаш ва айбсиз тинч аҳолини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади ва Нетаняҳуни ўз музокарачиларига гаровда ушлаб турилганларни куттирмасдан уйга қайтариш учун ваколатлар беришга чақирди», — дейилади Оқ уй баёнотида.

Оқ уй вакили бу ҳолатда Исроил санаб ўтилган ҳаракатларни амалга оширмаса унга қандай чоралар кўрилиши, таҳдидлар АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдами тўхтатилишини англатиши мумкин ёки мумкинмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб бермаган.