Жаҳон | 10:38 / 05.04.2024
6032
3 дақиқада ўқилади

Россияда суд диссидент Скобовни 1 июнгача ҳибсга олди

Александр Скобов терроризмни оқлашда айбланган. Суд мажлисида публицист судя қаршисида туришдан бош тортди ва унинг иштирок этишидан мақсади «суднинг юзига тупуриш» эканини айтди.

Фото: РИА Новости

Санкт-Петербургнинг Калинин туман суди совет диссиденти ва публицисти Александр Скобовни терроризмни оқлаш (Россия Жиноят кодексининг 205.2-моддаси 2-қисми) ишида икки ойга, 2024 йил 1 июнга қадар ҳибсга олди. Бу ҳақда 4 апрел, пайшанба куни «Медиазона» суд залидан матнли онлайн-трансляцияда хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Скобов судлов маҳкамасига олиб келинганида, у шундай деб бақирган: «Украинага шарафлар, қотилга ўлим. Мен бу томошада қатнашишдан маъно кўрмаяпман ва бу суд жараёнида қатнашишнинг ягона сабаби – суднинг юзига тупуриш». У судя олдида туришдан ҳам бош тортди. 

Диссидентнинг адвокати Вероника Карагодина суддан Скобовга қандли диабет, гепатит C, бронхиал астма ва глаукома ташхиси қўйилганини айтиб, ҳибсга олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасини танлашни сўради. Прокуратура публицистни ҳибсга олишни сўраган. Мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтди. 

2 апрел куни Санкт-Петербургда қўлга олинган публицист ва совет даври диссиденти Александр Скобов терроризмни оқлаш моддаси бўйича айбланди. «Поддержка политзэков. Мемориал» Telegram-канали Скобовга нисбатан иш қўзғатилишига унинг «Қрим кўприги портлатилишини оқловчи пости» сабаб бўлганини билдирди.

СССР ва Россияда Александр Скобовнинг таъқиб қилиниши 

2024 йил 22 мартда Россия ҳукумати Александр Скобовга «чет эл агенти» мақомини берди. «Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, у давлат органлари қарорлари тўғрисида «ёлғон маълумот тарқатган», урушга қарши чиққан, «Россия Федерациясини террористик ташкилот деб ҳисоблаган», «номақбул ташкилот» фаолиятида иштирок этган, «чет эл агенти материалларини» тузган ва тарқатган», деб эслатади «ОВД -Инфо». 

1978 йилда Александр Скобов «Чап мухолифат» гуруҳи ва ҳукуматга қарши журнал фаолиятида фаол иштирок этгани учун ҳибсга олинган. Кейинчалик, суд ҳукми билан у психиатрия шифохонасига ётқизилган ва у ердан 1987 йилнинг ёзида озод қилинган.

«Окна» лойиҳасига кўра, айни пайтда Россияда Александр Скобовга нисбатан «номақбул ташкилот» – озод Россия форуми фаолиятида иштирок этгани учун маъмурий иш юритилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид