Апрел ойининг дастлабки ҳафтасини АҚШ иқтисодий фаоллигини кўрсатиб берувчи ИСМ кўрсаткичи эълон қилингани бошлаб берди. Душанба куни тарқатилган маълумотларга кўра, март ойида ИСМ ((The Institute of Supply Management, яъни Таъминотни бошқариш институти) кўрсаткичи 50,3, прогноздан 1,8 пункт баландроқни ташкил этган. Бу шуни англатадики, АҚШда олиб борилаётган кескин монетар сиёсатга қарамай иқтисодий ўсиш секинлашмай, аксинча ҳали ҳам ўз кучини сақлаб қолган. Ҳафтанинг кейинги муҳим макроиқтисодий кўрсаткичи АҚШдаги ишсизлик даражаси бўлиб, март ойида ижобий натижа қайд этилган. Хусусан, ўтган ойда ишсизлар сони 0,1 фоизга қисқариб, умумий кўрсаткич 3,8 фоизни ташкил этган. Бу натижа Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси Жером Повелга ўз сиёсатини тўлиқ кучида олиб бориши учун барча имкониятларни тақдим этиб, 2 фоизлик инфляция кўрсаткичига эришиш учун ёрдам беради. Бироқ геосиёсий омиллар (Яқин Шарқда Исроил ва Эрон ўртасида вазиятнинг кескинлашуви) нефт ва олтин нархини осмонга кўтариб юборди. Бу эса иқтисодиётга кучли босим ўтказиб, инфляция ҳолати таранглашишига олиб келиши кутилмоқда. Рақамларда олиб қарасак, нефт йил бошидан 18-22 фоиз, олтин 13 фоиз, S&P500 фонд индекси эса 9 ўсишга эришган. Бу эса иқтисодиётда ҳеч қандай шоксиз “юмшоқ қўниш” сценарийсини амалга ошириш қанчалик мурракаблигини яққол кўрсатиб беради.

Jahon Insights канали экспертлари 1 апрелдан 5 апрелгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.      

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

S&P500 – 5204 (ҳафта бошидан -0,95 фоиз, йил бошидан +9,11 фоиз);

NASDAQ – 18108 (ҳафта бошидан -0,8 фоиз, йил бошидан +7,62 фоиз);

DJI – 38904 (ҳафта бошидан -2,27 фоиз, йил бошидан +3,22 фоиз).

500 та энг йирик компаниялардан таркиб топган S&P500 индекси 50 пунктга, Dow Jones индекси 900 пунктга, NASDAQ индекси эса 146 пунктга пасайди.  

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2329 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +4,3 фоиз, йил бошидан +12,94 фоиз;
  • Кумуш – 27,4 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +10,48 фоиз, йил бошидан +15,57 фоиз;
  • Алюминий – 2443 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан +4,71 фоиз, йил бошидан +2,6 фоиз:
  • Мис – 4,2 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан +5,77 фоиз, йил бошидан +9,29 фоиз.

Қимматбаҳо металларнинг барчаси ўсиш суръатини тақдим этди. Масалан, алюминий ва олтин мос равишда 110 доллар ва 96 долларга ўсган бўлса, кумуш ва мис 2,6 доллар ва 23 центга қимматлашди.