Оренбург вилояти Орск шаҳрининг юзлаб аҳолиси маҳаллий тўғон ёрилиши оқибатида бир қанча ҳудудлар сув остида қолганидан кейин шаҳар марказида норозилик намойиши ўтказди. 8 апрел, душанба куни улар сув тошқинидан жабрланганларга тўловларни оширишни талаб этди ва маҳаллий ҳокимиятни танқид қилди.
Намойишчилар тўловлар ҳажмидан норозилигини билдирди, шунингдек, тўғон фалокатга сабаб бўлган қоидабузарликлар билан қурилганини айтишди. «Осторожно, новости» Telegram-каналига кўра, йиғилганлар Россия президенти Владимир Путинга ёрдам сўраб мурожаатнома ёзган.
"Путин, помоги!" - с такими лозунгами жители российского Орска вышли на митинг. Они недовольны размером выплат пострадавшим от наводнения. К ним приехал мэр города. Беседа получилась эмоциональной pic.twitter.com/cRRaHDCZ0y
— DW на русском (@dw_russian) April 8, 2024
Расмийлар аҳолини табиий офат оқибатларини мустақил бартараф этишга чақирди
Маҳаллий Telegram-каналлари хабарига кўра, полиция митинг ўтказилишига халақит берган, хавфсизлик кучлари эса йиғилганларни унинг ноқонунийлиги ҳақида огоҳлантирган. Кейинчалик намойишчилар сони ортиб, шаҳар раҳбари Василий Козупица уларнинг олдига келиб, шаҳар маъмуриятида музокаралар ўтказиш учун ташаббус гуруҳи тузишни таклиф қилди. Намойишчиларнинг бир неча вакиллари билан учрашувда шаҳар ҳокими етказилган зарарни баҳолаш ва товон миқдорини аниқлаш бўйича комиссия ташкил этилишини, шунингдек, уй-жой қурилиши учун тўловларни ваъда қилди.
Бундан ташқари, вилоят губернатори Денис Паслер жабрланган аҳоли билан учрашди. У телефонларни ўчириб, шикоят қилмасликни, аксинча, сув тошқини оқибатларини бартараф этишда бирдамлик ва ватанпарварлик кўрсатишни талаб қилди, деб ёзади «7х7 – Горизонтальная Россия» нашри. Паслер жабрланганларни ўз ҳисобидан қутқараётган одамларга ишора қилиб, уларни «ҳақиқий ватанпарварлар» деб атади. Йигирмага яқин маҳаллий аҳоли иштирок этган йиғилишдан сўнг ҳокимият 2025 йилда янги тўғон қурилиши учун маблағ ажратишга ваъда берди. Бундан ташқари, янги йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган, унда иш натижалари эълон қилинади, деб ёзади «Осторожно, новости».
Ушбу нашрга кўра, митинг натижасида қўлга олинганлар бўлмаган. Аввалроқ Оренбург вилояти прокуратураси ушбу воқеа расмийлар билан келишилмагани ҳақида хабар эълон қилган эди. Шунингдек, у унда иштирок этиш учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.















