Россиянинг Урал ва Сибирдаги кучли сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларида, шунингдек, Қозоғистоннинг тўққизта вилоятида жами 100 мингга яқин одам эвакуация қилинмоқда, деб хабар берди Reuters 9 апрел, сешанба куни. Агентлик маълумотларига кўра, сув тошқини сўнгги 70 йилдаги энг кучлиси бўлди.
Россия Федерациясида сув тошқини Курган ва Тюмен вилоятларига таҳдид солмоқда. Курган вилоятида Тобол дарёсида сувнинг тез кўтарилиши кузатилмоқда, тўрт мингтагача уй сув тошқини зонасида бўлиши мумкин; Рогидромет прогнозларига кўра, Курган шаҳрида сув тошқини чўққиси 11-14 апрелда кутилмоқда. Тюмен вилоятида сув Ишим дарёсига кетяпти.
Қозоғистонда сув тошқинлари Ақтўбе, Қўстанай, Ғарбий Қозоғистон, Ақмола, Қарағанда, Атирау, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари ҳамда Улитов вилоятида қайд этилган. Қозоғистоннинг биргина Россия Федерацияси билан чегарадош бир қанча вилоятларида 80 мингга яқин одам эвакуация қилинган.
Оренбургдаги сув сатҳи хавфли даражадан ошиб кетди
Орскдаги тўғон ёрилганидан кейин сув тошқини Урал дарёсидан 280 километр пастда жойлашган Оренбургга етиб келди. У ердаги сув сатҳи 931 сантиметрга етди, бу хавфли кўрсаткичдан ортиқ, деб ёзди Оренбург вилояти губернатори Денис Паслер ўзининг Telegram-каналида. Россиянинг «Интерфакс» агентлиги губернатор матбуот хизматига таяниб аниқлик киритишича, маҳаллий вақт билан соат 22:00 ҳолатига кўра, сув сатҳи хавфли чегарадан 1 смга ошган.
Паслернинг сўзларига кўра, «Урал ва Сакмара бўйлаб барча бинолар сув тошқини зонасига тушиши мумкин». Губернатор сув тошқини хавфи бўлган ҳудудларда яшовчиларни «уйларини тарк этишга ва сув тошқини чўққисини хавфсиз жойда кутишга» чақирди. Оренбург ва Оренбург вилоятида эвакуация қилинганлар учун вақтинчалик жойлаштириш марказлари ташкил этилган, деди Паслер. Аввалроқ сел сувлари М-2 «Урал» федерал автомагистралига яқинлашгани, у бўйлаб ҳаракатланиш ҳали тўхтатилмагани хабар қилинганди.
Орск расмийлари сув сатҳининг пасайиши ҳақида хабар берди
Шу куни Орск мэри Василий Козупица ўзининг Telegram-каналида «Урал сатҳи бир суткада 39 смга тушиб, 928 смни ташкил этгани» ҳақида хабар берди. Аввалроқ бу кўрсаткич 956 смга етгани маълум қилинган эди. Шаҳарда 260 та кўча ва 6 929 та турар жой бинолари сув остида қолмоқда, 45 та уйдан сув чекинди, деди ҳоким.
Козупицанинг сўзларига кўра, Орскда 15 та вақтинчалик турар жой марказлари жойлаштирилган, уларда 1485 киши истиқомат қиляпти, жумладан 242 нафар болалар. «Интерфакс» хабарига кўра, Орскдаги сув босган уйлардан жами 2493 киши, хусусан, 797 бола эвакуация қилинган.
















