Яқин Шарқдагилар Дамашқдаги консулхонага қилинган ҳужумга жавобан Эрон Исроил бўйлаб зарба йўллашини кутишмоқда. АҚШ, Британия, Россия ва бошқа мамлакатлар дипломатларининг Исроил бўйлаб ҳаракатланишини чекламоқда ҳамда ўз фуқароларига ушбу минтақага бормай туришни тавсия этмоқда.

Вашингтон АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишини чеклаган.

Америка элчихонаси ходимларига «хавфсизлик нуқтайи назаридан» Тел-Авив, Қуддус ва Беэр-Шевадан ташқарига чиқиш тақиқланган. Элчихона сайтида айтилишича, бу чеклов «кейинги хабарномагача» амал қилади.

«Америка расмий шахслари огоҳлантиришича, ҳозирда гап Эрон жавоб қайтариши ёки қайтармаслиги ҳақида эмас, қачон жавоб қайтариши ҳақида кетмоқда», — дея қайд этади BBC’нинг Яқин Шарқдаги корреспонденти Ҳюго Бачега.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларни ўз яшаш жойини тарк этмасликка чақирган.

«Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлигини эслатади.
Ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун заруратсиз яшаб турган жойингизни тарк этмасликни тавсия қиламиз», дейилади хабарда.

Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ҳам «Исроилга Эрон томонидан ҳужум бўлиши эҳтимоли» тўғрисида хабар эълон қилган. Буюк Британия ўз фуқароларини ўтган йил октябридан буён Исроилга сафар қилиш хавфли экани тўғрисида огоҳлантириб келади.

Россия ТИВ россияликларга Исроил, Ливан, Фаластин ҳудудлари ва умуман ушбу минтақага саёҳат қилмасликни тавсия этган.

«Биз Россия фуқароларига ўта зарурат бўлмаганда ушбу минтақага, айниқса Исроил, Ливан ва Фаластин ҳудудларига саёҳат қилишдан тийилишни қатъий тавсия қиламиз», — дея ТИВ расмийси Мария Захаровадан иқтибос келтирган нашрлар.

Шу билан бирга, тавсия Иорданияга тааллуқли эмас: Захарованинг сўзларига кўра, ТИВ «ҳарбий ҳаракатлар Ғазо секторидан қироллик ҳудудига кўчиши» эҳтимолини деярли йўқ деб  ҳисоблайди.