13:33 / 13.04.2024
5155

Германия ТИВ фуқароларни Эронни тарк этишга чақирди

Яқин Шарқ минтақасидаги кескинлашув ҳаво, қуруқлик ва денгиз транспорти йўналишларига таъсир қилиши ҳамда Эронга кириш ва чиқишда чекловларга олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирди Германия вазирлиги.

Фото: Sha Dati/Xinhua/picture alliance

Германия ташқи ишлар вазирлиги 12 апрел, жума куни кечқурун Германия фуқароларини минтақадаги вазиятнинг кескинлашиши хавфи юқорилиги сабабли Эронни тарк этишга ва бу давлатга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди. «Кескинлашув ҳаво, қуруқлик ва денгиз транспорти йўналишларига ҳам таъсир қилиши, Эронга кириш ва чиқишга тегишли чекловлар қўйишини истисно қилиб бўлмайди», - дея таъкидлади Германия ТИВ.

АҚШ президенти Жо Байден 12 апрел куни Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда Эроннинг Исроилга ҳужумини «муқаррар» деб атади ва бу «эртароқ» содир бўлишини айтди. Шу билан бирга, Байден ўз маъмурияти Исроил томонида эканини очиқ айтди. «Биз Исроилни ҳимоя қилишга ёрдам берамиз ва Эрон муваффақиятга эриша олмайди», деди у.

Бир кун аввал Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси Теҳронга парвозларни тўхтатиб туриш муддатини 18 апрелгача узайтиришини эълон қилди. «Авиакомпания энди Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланмайди», — дея Lufthansa вакили сўзларидан иқтибос келтирган AFP. Компания самолётлари 6 апрелдан бери Теҳронга учмаяпти. Австриянинг Austrian Airlines авиакомпанияси Lufthansa’дан ўрнак олиб, Эрон пойтахтига парвозларнинг 18 апрелгача тўхтатилишини «Яқин Шарқдаги ҳозирги вазият» билан изоҳлади.

Эрон яқин кунларда ҳужум қилиши кутилмоқда 

Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетасига кўра, Исроил яқин 24-48 соат ичида Эрондан тўғридан тўғри ҳужум содир бўлишини кутмоқда. Тахминларга кўра, мамлакат жануби ёки шимолига ҳужум қилинади. Шу билан бирга, Axios ахборот ресурси манбалари қайд этишича, минтақадаги вазият кескинлашувининг олдини олиш мақсадида Эрон ҳужуми чекланган бўлади. 

1 апрел куни Исроил самолётлари Дамашқдаги Эрон консуллигига ҳужум қилди. ИИМКнинг етти нафар аъзоси, жумладан «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эрон олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди. 

7 апрел куни Хоманаий ҳарбий маслаҳатчиси Исроил элчихоналарининг ҳеч бири «энди хавфсиз эмас» деб таҳдид қилди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил ҳар қандай жавобга тайёрлигини айтди. «Ким бизга зарар етказса ёки бизга зарар етказишни режалаштирса, биз уларга зарар берамиз», деб огоҳлантирди у. 

Мавзу
Эрон-Исроил уруши
14 апрелга ўтар кечаси Эрон дронлари ва қанотли ракеталари Исроил томон йўл олди. Бу сўнгги ҳафталардаги кескинлик кучайиши бўлди.
Барчаси
Top