Ғазодаги вазият

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар яна боши берк кўчага кириб қолганга ўхшаяпти.

Қатарнинг бош вазири Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ол Соний Ғазода оташкесимга эришиш ва гаровдаги асирларни озод қилиш бўйича ўтказилаётган музокараларнинг янги тафсилотларини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, томонлар боши берк кўчага кириб қолишган.

«Ушбу босқичда жараён чўзилмоқда, биз имкон қадар муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз», — деган Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ол Соний.

Унинг қайд этишича, расмий Доҳа «уруш бошланганидан буён можаронинг авж олишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириб келганига қарамасдан, бугунга келиб можаро турли фронтларга тарқалиб кетди».

Қатар Миср ва АҚШ билан биргаликда бир неча ҳафтадан буён Ғазода тинчликка эришиш, гаровда ушлаб турилган исроилликларни маҳбус фаластинликларга алмашиш бўйича парда ортида музокаралар олиб бормоқда. Рамазон ойи тугагач, тарихда илк бор Эроннинг Исроилга очиқ ҳужуми рўй бергач, Ғазодаги чўзилиб кетган уруш минтақавий можарога айланиб кетиш хавфи пайдо бўлди. 

Украина шаҳрига зарба

Россия қўшини Украинанинг Черниҳив шаҳрига ракета зарбаси берди. Кўп қаватли уйлар вайрон бўлган, камида 17 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган. Қурбонлар сони ошиши мумкин.

Област маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус шаҳарга «Искандер» тизимининг учта ракетаси билан зарба берилганини айтган.

Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Олексий Кулебага кўра, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида саккиз қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, шунингдек тўртта кўп қаватли уй, шифохона, олий таълим муассасаси ва ўнлаб автомобилларга зарар етган. Черниҳив шаҳар маъмурияти раҳбари Дмитро Брижинский шаҳарда жами 16 та уй шикастланганини айтган.

Украина президенти Володимир Зеленский қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиши мумкинлигини қайд этган.

«Агар Украина етарлича ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари олганида ва дунёнинг Россия террорига қарши қатъияти етарли бўлганида бу иш бўлмасди», — дея ёзган Зеленский телеграм-каналида.