Тошкентда бир гуруҳ ниқобли шахслар кечаси экскаватор билан дарахтни илдизи билан қўпоргани аниқланди
Ҳолат Юнусобод туманининг 8-мавзесида содир бўлган. Бир гуруҳ ниқоб тақиб олган шахслар давлат рақами бўлмаган экскаватор билан ҳудуддаги яшилликка зарар етказган. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси таг қисми билан олиб ташланган сафора дарахти ўз ўрнига қайта экилганини маълум қилди.
Тармоқларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилаётган ҳудудлардан бирига ниқобланган шахслар кечаси давлат рақами бўлмаган экскаватор билан келиб, дарахтларни қўпораётгани акс этган видео тарқалди.
Видеони суратга олган маҳаллий яшовчилардан бири олдин ҳам бундай воқеа юз берганига ишора қилиб, “уларнинг ҳаммаси ниқобда, худди олдингидек ва [экскаваторнинг ҳам] рақами йўқ”, – деб айтган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология бошқармаси муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа 16 апрел санасига ўтар кечаси Юнусобод туманининг 8-мавзесида содир бўлган. Ҳолат бошқарманинг Юнусобод тумани бўлими масъуллари томонидан назоратга олиниб, ҳозирда манзилда ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.
“Ўрганилаётган ишлари давомида Юнусобод тумани, "Мингчинор" МФЙ ҳудудидаги 16-сонли аҳоли яшаш хонадонларининг орқа қисмида номаълум фуқаролар томонидан 1 туп сафора дарахти давлат рақами бўлмаган экскаватор ёрдамида илдиз қисми билан олиб ташланган.
Таг қисми билан олиб ташланган сафора дарахти тегишли соҳа мутахассислари ҳамда туман экология бўлими масъуллари томонидан агротехник қоидалар ва методларга асосланган ҳолда ишлов берилиб, биологик ўғитлар билан тўйинтирилган тупроқ қопламаси ётқизилган ҳолда ўз ўрнига қайта экилди”, – дейилади изоҳда.
Қўшимча қилинишича, қонунбузилиши ҳолатини келтириб чиқарган ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда. Ўрганиш ишларининг якуний натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши айтилди.
Мавзуга оид
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024