Ўзбекистон | 10:36 / 14.04.2024
39035
3 дақиқада ўқилади

Кўкдала тумани ҳокими ўринбосари пора билан ушланди. У олдин ҳам судланган

Турли ҳудудларда ҳоким ўринбосари, Транспорт бошқармаси бошлиғи, МИБ ходими ва бошқаларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокимининг ўринбосари плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хусусий корхонани «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида маҳаллий деҳқонларга плёнка етказиб берувчи таъминотчи корхона сифатида тайинлаш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

У сўралган пул ҳисобидан 15 млн сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди (видео).

Терговга қадар текширув давомида ҳоким ўринбосари ўзининг қўштирноқ ичидаги холис ёрдами эвазига аввал 10 млн сўм олгани ҳам маълум бўлди.

У муқаддам ЖК 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Андижон шаҳрида кузатилган ҳолатда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари маҳаллий фуқаро ишончига кириб, ўз мансабдор танишлари орқали унинг номига масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, «Эски шаҳар – Олтинкўл» йўналишида йўловчи ташиш бўйича аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш учун ўтказилиши режалаштирилган тендерда ғолибликни қўлга киритиб бериш эвазига 7500 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи мансабдор шахснинг ушбу ноқонуний ишга алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланди. Мазкур шахс ҳам муқаддам судлангани маълум бўлган.

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори Бюронинг марказий аппарати иш юритувидаги паррандачилик корхонаси ҳисобидан акциядорлик тижорат банки фойдасига жами 11 млн 108 минг 629 АҚШ доллари ва 265 минг 187 евро миқдоридаги қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан, корхонага тегишли кўчмас мулкларни баҳолаш ишлари учун белгиланган хизмат ҳақини турли важлар билан баҳолаш фирмаси фойдасига оширилган нархда кўрсатиб, банк томонидан баҳолаш фирмаси ҳисобига ўтказилган ортиқча пул маблағидан ўзининг улуши сифатида 2500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда Ёзёвон тумани ҳокимлиги қошидаги «Хўжалик ҳисобидаги уй-жойларни рўйхатга олиш, алмаштириш ва тақсимлаш» бўлими бошлиғи ўз ваколатли танишлари орқали маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони учун ордер ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид