Туркия президенти Араб баҳоридан бери илк марта Ироққа ташриф буюрди. Ўтган ойда расмий Бағдод Курд ишчилар партиясини тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритган эди. Бунинг эвазига Истанбул бу қўшниси билан иқтисодий алоқаларни кучайтиради. Айни пайтда, Туркиянинг Ироқ ҳудуди орқали Форс кўрфазига чиқиш режаларини Эрон ва Россия хушламаяпти.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 2011 йилдан бери илк марта Ироққа ташриф буюрди. Икки қўшни давлат иқтисодиёт ва хавфсизлик борасида қатор келишувларга эришди. “Геосиёсат” бу стратегик ташриф атрофидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов, Ҳабибулло Азимов ва Равшан Ғозиевга юзланди.

— Эрдўғаннинг Ироққа ташрифига асосий сабаблар нима эди?

Равшан Ғозиев: — Туркия ва Ироқ қўшни давлат, тарихий, маданий, иқтисодий боғлиқ. Икки давлат муносабатлари доим яхши бўлган, совуқ уруш даврида ҳам. Эрдўғаннинг 12 йил бормаганига бир нечта омиллар бор. Араб баҳоридан кейинги Ироқдаги тартибсизлик, хавфсизлик издан чиқиши кабилар билан боғлаш мумкин. Лекин стратегик жиҳатдан Ироқ билан муносабатлар муҳим бўлган доим.

Ташрифнинг энг асосий сабаблари – иқтисодий ва хавфсизликка оид масалалар. Туркия ва Ироқ савдо айланмасига қарасак, 2023 йилда 20 млрд долларни ташкил қилган. Бу билан Ироқ Туркиянинг энг асосий ўнта савдо ҳамкоридан бири. Бунда Туркия 13 млрд долларлик экспорт қилади, 7 млрд импорт қилади. Бундан ташқари, бир қанча лойиҳалар ҳақида гапириш мумкин. Кейин хавфсизлик масаласи, бу асосан Курд ишчилар партияси билан боғлиқ масала.

Ҳабибулло Азимов: — 1932 йилда Ироқ Британиядан мустақил бўлгач, Туркия билан муносабатлари 1958 йилгача яхши бўлган. Ўша йили Ҳошимийлар сулоласи ағдарилиб, ҳокимиятга Алдулкарим Қосим келади. Шу билан Ироқ Боғдод пактидан чиқиб кетади. Социалистларнинг ҳокимиятга келиши Туркияни хавотирга солади. Курд сепаратизмидан хавотир бўлади. Ироқ маълум даврларда курд сепаратизмидан Туркияга қарши восита сифатида ҳам фойдаланган. Масалан, 1960-йилларда Туркия ва Ироқ муносабатлари ёмонлашади, сабаби Туркия қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун Дажла ва Фрот дарёларини ёпиб, катта лойиҳа бошлайди ва ўртага сув муаммоси чиқади. Шунингдек, 1980 йилдан бугунги кунгача Туркия Ироқ ҳудудида 15 дан ортиқ ҳарбий операциялар ўтказган.

Араб баҳоридан кейин Ироқдаги ижтимоий-сиёсий вазият ўзгарди, шиалар ҳокимиятга келди. Ироқ ва Эрон яқинлашиши сабаб Туркиянинг Ироқдаги манфаатларига путур етди. Бугун Кўрфаз араб давлатлари билан яқинлашиш Туркия манфаатларига тўғри келади, деб кўриляпти Туркия томонидан.