Саудия Арабистони якшанба куни Исроил ва Ҳамас ўртасида давом этаётган урушнинг глобал иқтисодиётга таъсири ҳақида огоҳлантираркан, минтақавий «барқарорлик»ка чақирди. Ар-Риёдда Жаҳон иқтисодий форумининг икки кунлик махсус йиғилиши ўтказилмоқда, унда Ғазодаги можарони тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бораётган воситачилар ҳам қатнашмоқда.
Саммит иштирокчилари орасида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бўлади, у араб етакчилари билан музокараларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига учган. Давлат департаменти у можаро кенгайишининг олдини олиш зарурлигига урғу беришини айтган.
Шунингдек фаластинлик етакчилар ҳамда Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатишда воситачилик қилишга ҳаракат қилаётган бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали мулозимлари таклиф этилганди.
Ғазодаги уруш, шунингдек Украинадаги ва бошқа мамлакатлардаги можаролар «иқтисодий» кайфиятга «жуда кучли» босим кўрсатмоқда, деган Саудия Арабистони молия вазири Муҳаммад ал-Жадаан форумдаги илк муҳокамалардан бирида.
«Ўйлайманки, мамлакатлар, етакчилар ва одамлар совуққонроқ бўлиб, вазият ҳақиқатан ҳам юмшатилишига ишонч ҳосил қилиши керак. Минтақага барқарорлик даркор», — деган Жадаан.
«Бугун дунё хавфсизлик ва фаровонлик ўртасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилиб, тор канат йўлидан юрмоқда, — деган Саудия Арабистони режалаштириш вазири Фейсал ал-Иброҳим шанба кунги матбуот анжуманида. — Биз битта нотўғри мулоҳаза, нотўғри ҳисоб ёки бирор тушунмовчилик муаммоларимизни янада чуқурлаштирганида учрашамиз».
Жаҳон иқтисодий форуми президенти Борге Бренде «гаровдагилар бўйича музокараларда, шунингдек… Ғазодаги боши берк кўчадан чиқиш эҳтимоли бўйича музокараларда янги импулс кўзга ташланаётгани»ни айтган.
Аммо Исроил саммитда иштирок этмайди ва Бренденинг қайд этишича, Қатар ва Миср иштирокидаги воситачилик саммитда расман муҳокама этилмаяпти. Ўз навбатида, Ғазодаги гуманитар вазият, шунингдек Ҳамас ва Ливандаги «Ҳизболлоҳ»ни қўллаётган Эрон масаласи муҳокама қилинади, дея қўшимча қилган у.
Шанба куни Ҳамас улар ҳали тириклигини кўрсатиш учун гаровдагиларнинг икки нафари иштирокидаги видеони намойиш этди, Исроилда эса келишув талаби билан йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда. Ҳамас вакиллари Исроилнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги таклифини ўрганаётганини маълум қилган. Бир кун олдинроқ ОАВда Миср делегацияси боши берк кўчага кириб қолган музокараларни тиклашга уриниш учун Исроилга етиб келгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.



















