Фарғона шаҳрида яшовчи Муҳтарам Мелибоева 44 йилдан бери кран бошқаради. Корхонада эркаклар орасида ишлайдиган ягона аёлни барча бирдек ҳурмат қилади. «61 ёшга кирдим, баландликда ишлаб роҳатланаман. Уйда бекор ўтира олмайман, пенсияга чиқсам-да, кран бошқаряпман», дейди у.
«Кран бошқаришимга кўпчилик ишонмайди»
«Кран — иккинчи уйим. Маза қилиб, роҳатланиб ишлайман. Кран бошқариб кам бўлмадим.
Кранчи бўлишимга турмуш ўртоғим ҳам, қайнонам ҳам қаршилик қилмаган, ўзлари ўқитган. Меҳнат қилсам яхши юраман, насиб қилса 70 ёшгача ишламоқчиман.

7 йил пайвандчилик қилдим, кейин кранчиликка ўқиб, ишлай бошладим. Биринчи марта баландликка чиққанимда қўрқув бўлган, кейин эса кўникиб кетдим. Кран бошқараман десам кўпчилик ишонмайди, қизиқиб яна сўрашади. Уларга бу ҳақда фахрланиб гапириб бераман. Мавсум пайтида икки сменада, буюртма озроқ пайтда 8-10 соат ишлайман. 5 млн сўм ойлик маош, 1,6 млн сўм пенсия оламан. Корхонамизга юк машиналарда келган ҳайдовчилар аёл кранчи экан, деб ҳайрон бўлиб қарашади.
Ҳозир қайнонам 94 ёшда, дуоларини олиб юрибман. Бир ўғил, бир қиз — икки фарзандим, невараларим бор, уларнинг бахтини кўриб юриш насиб қилсин.

Шунча йилдан бери эркаклар билан ишлайман. Характерим ҳам ўхшаб кетади, дангалчиман. Ҳаммаси яхши, ҳеч хафа қилишмайди.
Бахт мен учун соғлик, хотиржамлик, оиламиз, юртимиз тинч бўлиши. Ўзинг севган касбда ишлашинг ҳам катта бахт. Яна қайта танлов имкони бўлса кранчи бўлардим. Турмуш ўртоғим билан бирга Умра сафарига бориб келдик, яна бормоқчимиз», дейди Муҳтарам Мелибоева.
«Кранга чиқишдан қўрқаман»
«Турмуш ўртоғим Муҳтарамхон баландликдан қўрқмайди, оддий машина мингандай бошқаради кранни.



















