Россия Украина атрофидаги можаронинг янада кучайиши фонида Украина чегараси яқинида тактик ядро қуроллари билан машғулотлар ўтказишини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги Бош штаби президент Владимир Путин топшириғига биноан «стратегик бўлмаган ядровий кучларнинг жанговар топшириқларни бажаришга тайёрлигини ошириш» мақсадида ўқув машғулотларига тайёргарлик кўришни бошлади, деб хабар қилди душанба, 6 май куни Россия Мудофаа вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

Хабарда айтилишича, машғулотларда провокацион баёнотларга жавобан Россия давлатининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сўзсиз таъминлаш, айрим ғарб расмийларининг Россияга қарши таҳдидларига жавоб қайтариш мақсадида «ностратегик ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш» (тактик деб ҳам аталади) масалаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. 

Машқлар «яқин вақт ичида» ўтказилади. Уларда Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари авиация, шунингдек, денгиз флоти кучлари билан биргаликда иштирок этади. Машқлар ўтказиладиган жой аниқлаштирилмаган. 

Тактик ядро қуроли 

Тактик ядро қуроли - ядровий ўқ-дорилар бўлиб, уларни етказиб бериш воситалари нисбатан қисқа масофали (стратегик қитъалараро ракеталар эмас) ва нисбатан паст қувватга эга (стратегик қуролларга нисбатан), масалан, тротил эквивалентида бир неча килотонналик ракеталардир. 

Стратегик бўлмаган ядро қуроллари, хусусан, яқинда Беларусда жойлаштирилган «Искандер» ракета тизимлари томонидан қўлланиши мумкин. Тахминларга кўра, Россия бундай қуролларнинг дунёдаги энг катта захирасига эга. Улар ҳеч қачон жанг майдонида ишлатилмаган. СССР тактик ядро қуролидан фойдаланган ҳолда машғулотлар ўтказган. Замонавий Россияда бундай машқлар ҳали кузатилмаган. Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери ғарб давлатлари Россия агар фронтда муваффақиятсизликка учраса, тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда. 

Феврал ойи охирида Британиянинг The Financial Times газетаси Россиянинг тактик ядро қуролига оид махфий ҳужжатлар олингани ҳақида хабар берди. Улардан келиб чиқадики, Россия томонидан бундай қуролларни қўллаш чегараси Россия расмийлари расман эълон қилганидан пастроқ - ҳарбийлар улардан нафақат Хитой қўшинлари бостириб кирган тақдирда, балки «давлатларни тажовуздан ёки ҳарбий можароларнинг кучайишидан тийиб туриш» учун ҳам фойдаланиши мумкин. 

Россия таҳдидлари ва Ғарб танқиди

Ғарб давлатлари вакиллари Россия раҳбариятини ядровий таҳдидлар учун бир неча бор танқид қилган. Шу билан бирга, президент Владимир Путин Ғарб давлатларини Россия билан тўғридан тўғри қарама-қаршилик юзага келган тақдирда ядро уруши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган бўлса-да, Украина атрофидаги можарода ядровий зарба бериш билан очиқ таҳдид қилмади.