Янгиланган макроиқтисодий прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича жорий йилдаги умумий инфляция прогнози 9-11 фоизгача оширилди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган «2024 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.

Макроиқтисодий прогнозлар

Янгиланган прогнозларга кўра, 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,2-5,7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич жорий йил январдаги ҳисоб-китобларга (5,5-6 фоиз) нисбатан пасайган. Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг харажатларидаги таркибий ўзгаришлар ҳисобига келгусида истеъмол талабининг маълум маънода мақбуллашиши билан ифодаланган.

Ташқи савдо

Жорий йилнинг I чорагида экспортнинг (олтинсиз) ўсиш динамикаси асосий сценарий прогнозлари доирасида шаклланган. Жаҳонда атом энергетикасининг роли ортиб бораётганлиги сабабли уран қимматлашиши ва Хитой ишлаб чиқариш секторидаги ижобий тенденциялар туфайли мис нархининг ўсиши жорий йилда олтинсиз экспорт динамикасини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Шу билан бирга, пахта нархи чоракнинг дастлабки ойларидаги кескин ўсишидан сўнг ўтган йилги қийматларга қайтган бўлса, нархнинг кейинги траекториясида юқори ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Юқоридаги омиллар ҳисобига жами экспорт ўсиши 9-12 фоизни, олтинсиз экспорт ўсиши эса 12-14 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Ҳисобот даврида импортнинг ўсиш суръати бироз пастроқ шаклланиб, ушбу пасайиш ўтган йилги транспорт воситалари импорти фонида юзага келган юқори база билан изоҳланган. I чоракда машина ва асбоб-ускуналарсиз импортнинг ўсиши динамикаси қарийб 8 фоизни ташкил этган. Жорий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда импорт ўсиш прогнози 10-12 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда.

Пул ўтказмалари ва меҳнат бозори

Валюта курсларида сезиларли тебранишлар кузатилмаган тақдирда, пул ўтказмалари прогнози 2024 йил охиригача 12-12,5 млрд доллар атрофида шаклланиши прогноз қилиняпти. Январ-март ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошиб, 2,5 млрд долларга етган.

Шу билан бирга, айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг эркинлаштирилиши ва натижада инфляциянинг тезлашиши ҳисобга олинганда, аҳоли тасарруфидаги реал даромадлар бироз пасайиши, уларнинг таркибий ўзгариши ва бунга мос равишда шахсий истеъмол маълум даражада мақбуллашиши мумкин.