Украина хавфсизлик хизматига кўра, Зеленскийдан ташқари Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ҳамда Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкни ўлдириш режа қилинганди.

Амалиёт доирасида президент хавфсизлигига жавобгар бўлган Украина давлат хавфсизлик бошқармасининг икки полковниги қўлга олинган.

«ФСБ разведка тармоғи вазифаларидан бири ҳарбийлар орасидан президентни қўриқлаш хизматига алоқадор бўлган ва давлат раҳбарини гаровга олиб, кейин ўлдиришга қодир бўлган ижрочиларни қидириш эди», — дея ёзади УХХ ўз телеграм-каналида.

Украина давлат қўриқлаш бошқармасининг гумондор ходимларидан бири кўрсатма бераётгани акс этган кадрларга кўра, унга бундай одамларни излаб топиш вазифаси 2022 йил феврал-март ойларида қўйилганди. Видеоёзувда бу шахс анча олдин, 2014 йилги воқеалардан кейин Россия махсус хизматлари томонидан ёлланганига иқрор бўлади.

Украина бош прокурори офиси ўз телеграм-каналида ёзишича, гумонланувчилар Украина давлат қўриқлаш бошқармасидаги хизмат чоғида «пул эвазига РФ ФСБ вакилларига Украинага қарши қўпорувчилик фаолияти амалга оширишда ихтиёрий ёрдам кўрсатишган».

Украина хавфсизлик хизмати тасдиқлашича, Будановни Пасхагача ўлдириш режалаштирилган ва суиқасд режаси қуйидагича бўлган: «аввалига ёлланган жосус қўриқланаётган одамнинг қаерларга боришини кузатиши ва душманга бу ҳақда маълумот етказиши», кейин эса «ушбу амалдор бўлиб турган уй координаталари бўйлаб ракета зарбаси берилиши» керак эди.

Бунинг ортидан зарба жойида турган одамлар устига дрон зарбаси берилиб, бунинг ортидан яна бир ракета учиб келиши лозим бўлган.

УХХ хабарида айтилишича, россияликлар агентини қуроллар билан «УГО полковниги [давлат қўриқлаш бошқармаси] таъминлаган, у Киевга FPV-дронлар, РПГ-7 учун зарядлар, шунингдек МОН-90 пиёдаларга қарши миналарни шахсан ўзи келтирган».

Махсус хизматлар гумондаги россиялик жосус билан ёзишмалар ҳамда мусодара қилинган қурол ва ўқ-дорилар акс этган фотосуратларни намойиш этган.

Россия ҳукумати ҳозирча Украина хавфсизлик хизмати даъволари юзасидан изоҳ бермаган.

«Путинга совға»

Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкнинг ёзишича, махсус хизматлар амалиёти ҳақида жуда кам киши хабардор бўлган ва унинг боришини шахсан ўзи назорат қилган.