Sputnik / Profimedia

12 май тонгида Белгород шаҳрининг Шчорса кўчасида ўн қаватли турар жой биносининг подъездларидан бири қулаб тушди. Бу шаҳар Украина қуролли кучлари томонидан ёппасига ўққа тутилиши ортидан содир бўлди, дея маълум қилган Белгород области губернатори Вячеслав Гладков. 

Ҳудуд раҳбарининг сўзларига кўра, снаряд тўғридан тўғри келиб урилиши оқибатида Харков тоғидаги 55-сонли уй подъезди ўнинчи қаватдан биринчисига қадар қулаган. Шаҳар ўққа тутилиши арафасида ракета хавфи ҳақида огоҳлантирувчи сигнал берилганди.

Телеграм-каналларда кузатув камераларидан олиб тарқатилган видеоларда подъезд қулаши акс этган. Кадрларда уйнинг қуйи қисмида портлаш рўй берганини кўриш мумкин. Baza телеграм-каналига кўра, дастлабки маълумотларда зарба «Олха» баравар ўт очиш реактив тизими орқали йўллангани айтилган. 

Воқеа жойида қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар фавқулодда хизматлари маълум қилишича, харобалар остида ўнлаб кишилар қолиб кетган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, қутқарув ишлари вақтида бинонинг том қисми қутқарувчилар ва кўнгиллилар устига қулаб тушган.

ФВВ маълумотига кўра, ҳозиргача 13 киши жароҳатлангани тасдиқланган. Харобалар остидан олиб чиқилганларнинг икки нафари болалар. Қурбонлар ҳақида расмий маълумот келиб тушмаган. Телеграм-каналларда етти киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзилган.

Тергов қўмитаси теракт (ЖК 205-моддда) бўйича жиноий иш қўзғатган. «12 май куни Украина қуролли тузилмалари ҳужуми оқибатида Белгород шаҳрида снаряд кўп қаватли турар жой биносига урилган. Ҳодиса оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жабрланганлар бор», — дейилади идора баёнотида. 

РФ мудофаа вазирлиги 12 май куни соат 11:40 атрофида Белгород шаҳри Украина қуролли кучлари томонидан «Точка-У» тактик ракета комплекси, «Олха» ҳамда RM-70 «Вампир» баравар ўт очиш реактив тизимлари қўлланган ҳужумига йўлиққани ҳақида хабар қилди. Ҳарбий идоранинг тасдиқлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «Точка-У» тизимининг олтита ракетаси, «Вампир» тизимининг тўртта реактив снаряди ва «Олха» тизимининг иккита реактив снарядини уриб туширган. «„Точка-У“ тактик ракета комплексининг уриб туширилган ракеталаридан бирининг парчаси Белгород шаҳридаги турар жой биносига шикаст етказган», — дейилган вазирлик хабарида.