Украинада урушнинг 808-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Ўн биринчи май куни Россия мудофаа вазирлиги Харкив областида бешта аҳоли яшаш манзили эгаллангани ҳақида хабар берди — бу орқали ушбу ҳудудда юриш бошлангани расман тан олинди.
- РИА Новости агентлиги Украина қуролли кучлари HIMARS орқали Донецкда «ДХР ташкил этилганининг ўн йиллиги» муносабати билан уюштирилган автопойга иштирокчиларини ўққа тутгани ҳақида хабар тарқатди.
- Евроиттифоқ мамлакатлари элчилари Украина учун хавфсизлик кафолатларини келишиб олган — лекин бу ЕИ мамлакатлари ўз ҳарбийларини ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юборишини кўзда тутмайди.
- Белгород области расмийлари ҳудуд Украина томонидан навбатдаги бор ўққа тутилиши оқибатида саккиз киши яралангани ҳақида хабар берди.
- Ўзини ўзи эълон қилган ЛХР назорати остидаги Ровенки шаҳрида нефт база ёниб кетди. Маҳаллий расмийлар украин ҳарбийлари базани ATACMS ракеталари билан ўққа тутганини билдирган.
- Курск ва Белгород областлари расмийлари украин ҳарбийлари учирган дронлардан портловчи моддалар ташланиши оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини хабар қилган.
Донецк ўққа тутилиши
РИА Новости агентлиги 11 май куни Украина қуролли кучлари HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан аннексия қилинган Донецк шаҳрининг Ленин районини ўққа тутгани ҳақида хабар берди. У ерда ўзини ўзи эълон қилган ДХР «мустақиллиги»нинг ўн йиллиги шарафига автопойга уюштирилганди. Mash телеграм-каналининг Донбассдаги мухбири ҳамда ҳукуматпараст «ҳарбий мухбир» Семён Пегов автопойга иштирокчилари йиғилган майдон яқинидаги «Парадиз» ресторани зарбага учраганини хабар қилган. Пеговнинг маълумотига кўра, машиналар старт олишга тайёр турган маҳалда портлаш содир бўлган, шундан кейин такрорий зарба хавфи туфайли ушбу автопойгани бекор қилишга қарор қилинган.
Ҳудуднинг Россия томонидан тайинланган губернатори Денис Пушилин берган маълумотга кўра, зарба оқибатида уч киши ҳалок бўлган — «Парадиз» ресторани ходими ҳамда икки мижоз. Яна саккиз киши, жумладан 12 ёшли қиз жароҳатланган.

Дмитрий Ягодкин / ТАСС / Profimedia


























