Россия ФВВ Белгороддаги ўн қаватли уйнинг подъезди харобалари остидан 15 кишининг жасади чиқариб олингани ҳақида хабар берди. 13 май тонгига келиб Белгородда қидирув-қутқарув амалиёти ва харобалар тозалаш ишлари якунланган.
«Қутқарувчилар 17 кишини қутқаришга муваффақ бўлишди. Афсуски, 15 киши ҳалок бўлган, улар харобалар остидан чиқариб олинган», — дейилади вазирлик хабарида.
Бундан олдинроқ қутқарувчилар қурбонлар орасида икки нафар бола ҳам борлигини хабар қилишганди.
Област губернатори Вячеслав Гладков ўз телеграм-каналида уйда яшовчиларнинг барчаси кўчирилгани ҳақида маълум қилган.
«Уларнинг бир қисми қариндошлариникига йўл олишган, қолгани отишмалардан хавфсиз бўлган ҳудуддаги вақтинча жойлаштириш марказига олиб борилган. Тиббиёт ходимлари ва психологлар ишламоқда», — деган Гладков.
Губернатор якшанба тонгида област маркази ва атрофдаги ҳудудлар Украина томонидан ёппасига ўққа тутилгани ҳақида ёзганди.
Унинг сўзларига кўра, снарядлардан бири кўп квартирали турар жойга келиб тушган ва жиддий вайронгарчиликка сабаб бўлган.
Россия мудофаа вазирлиги эса Белгороддаги турар жой уриб туширилган «Точка-У» ракеталаридан бирининг парчалари тушиши оқибатида шикастланганини маълум қилган.
Россия ахборот агентликлари оператив хизматларга таянган ҳолда портлаш оқибатида деярли бутун уй шикастланганини ёзишган — Шчорса кўчасидаги ўн қаватли панелли бинода 16 квартира йўқ бўлиб кетган.
Қулаш жойи иккинчи қаватга тўғри келган. ТАСС маълумотига кўра, уйда жами 8 подъездда 502 квартира бўлган.
Белгород якшанба куни такрорий ўққа тутилиши оқибатида яна тўрт киши ҳалок бўлган ва беш киши яраланган. Шу тариқа бир кунлик қурбонлар сони 19 нафарга етган.

Уй қулаши оқибатида жароҳатланганлар тўғрисида нималар маълум?
Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Белгороддаги кўп қаватли уй подъезди қулаши ва қутқарув ишлари вақтида том қулаши оқибатида жами 27 киши жароҳатланган, улар федерал клиникага ётқизилган.
Губернатор Гладков фуқаролардан шикастланган уй атрофида тўпланмасликни сўраб, бу ерда туриш хавфли эканидан огоҳлантирган.
Фавқулодда хизматлар бинонинг темир бетон конструкцияси қулашда давом этиши мумкинлигини истисно этмаган.


















