08:36 / 16.05.2024
4886

АҚШда Байден ва Трамп ўртасидаги илк теледебатнинг санаси маълум бўлди

Жо Байден ва Доналд Трамп ўртасидаги биринчи теледуэл кутилмаганда июн ойининг охирига режалаштирилди. Тезроқ теледебат ўтказиш ташаббуси АҚШнинг амалдаги президентидан чиқди.

Фото: Evelyn Hockstein / Marco Bello / Reuters

Қўшма Штатларда амалдаги президент Жо Байден ва республикачи Доналд Трамп ўртасидаги биринчи сайловолди теледуэл кутилмаганда июн ойининг охирига режалаштирилди. Американинг CNN телекомпанияси 15 май, чоршанба куни теледебат 27 июн оқшомида Жоржия штатининг Атланта шаҳрида бўлиб ўтишини маълум қилди.

Аввалроқ Байден, ташкилий комиссия режаларидан фарқли равишда, теледебатларни тезлаштириш ва уларни келаси ойга белгилашни таклиф қилган ва Трамп бунга рози бўлган эди. Байден Х платформасидаги микроблогида шундай деб ёзган: «Мен CNN’дан 27 июн куни дебат ўтказиш таклифини олдим ва қабул қилдим. Энди навбат сенга Доналд: исталган жойда, исталган пайтда кўришамиз».

Трамп жамоаси бу санага рози эканини айтиб, сайловчиларга иккитадан ортиқ теледуэлни томоша қилиш имкониятини бериш кераклигини қўшимча қилди, шунинг учун у Байден ва Трамп ўртасида тўртта теледуэлни таклиф қилди - июн, июл, август ва сентябр ойларида. 

Dpa агентлигининг таъкидлашича, теледебатларни июн ойида ўтказиш жуда ғайриоддий. Демократлар ва Республикачилар партияларининг июл ва август ойларида бўлиб ўтадиган қурултойларига қадар Байден ва Трамп АҚШ президентлигига расман номзод сифатида кўрсатилмайди. 

Келишилган режаларга зид тарзда

АҚШда президентликка номзодлар ўртасидаги теледебатлар анъанавий тарзда партиялараро комиссия томонидан ташкил этилади. У ноябрда учта теледуэл санасини белгилаган - 16 сентябрда Сан-Маркосда (Техас), 1 октябрда Питерсбергда (Виржиния штати) ва 9 октябрда Юта штатининг Солт-Лейк-Сити шаҳрида.

АҚШ вице-президентлигига номзодлар ўртасидаги ягона теледебат, комиссия режаларига кўра, 25 сентябр куни Пенсилвания штатининг Истон шаҳрида бўлиб ўтиши керак. Байден яна ўзининг ўринбосари Камала Харрис билан бирга сайловда қатнашади. Трамп ҳозирча кимни вице-президент лавозимига тайинлаш ниятида эканлигини эълон қилгани йўқ. 

Top