Шанба куни Бундеслиганинг навбатдаги мавсуми якунланди. Бир ой олдинроқ «Байер»нинг чемпионлиги (клубнинг 120 йиллик тарихидаги биринчиси) аниқ бўлиб улгурганди. Лигада йўлланмалар сони бештага ошгани туфайли қайси жамоалар Чемпионлар лигасига йўл олиши борасида ҳам интрига бўлмади («Байер», «Штутгарт», «Бавария», «Лейпциг» ва «Боруссия» Д). Турнирнинг бу асосий якунларидан ташқари яна еттита муҳим бандни келтириб ўтиш мумкин.

1. «Байер» мавсумни мағлубиятсиз ўтказди

Бу рўй берди. Ҳаби Алонсо жамоаси Германия чемпионатида шунчаки ғолиб бўлиш билан кифояланмасдан, буни бирор марта мағлубиятга учрамаган ҳолда уддалади. 34 тур давомида «Байер» 28 учрашувда ғалаба қозонди, олти ўйинда дуранг қайд этилди. 1963 йилдан буён ўтказиб келинаётган турнир тарихида бирор жамоа бундай натижага эриша олмаганди. «Байер» мавсум давомида бирорта турнирда мағлубиятга учрамаган жамоага айланиши ҳам мумкин. Бунинг учун яна иккита ўйин қолган – 22 май куни Европа Лигаси финалида «Аталанта»га қарши ўйин ва 25 май куни Германия Кубоги учун Иккинчи бундеслигада 15-ўринда бораётган «Кайзерслаутерн» билан ўтказиладиган ўйин.

2. «Бавария» — мухлислар ишончини оқлай олмади

Мюнхенликлар қаторасига 11 мавсумда чемпионликка эришганди. Бундай серия қачондир барҳам топиши аниқ эди. Аммо бу айнан қандай рўй бериши муҳим эди. «Бавария» биринчи ўриндан 18 очкога (!) ортда қолиб кетди. Сўнгги турда эса мюнхенликлар учинчи ўринга тушиб кетишди – жамоа 13 йилдан буён бундай паст ўринни эгалламаганди. Ва бу «Бавария» сафига сайёранинг энг кучли ҳужумчиларидан бири Ҳарри Кейн келиб қўшилган мавсумда рўй берди. Клуб кийим алмаштириш хонасидаги ва раҳбариятдаги келишмовчиликлардан жабрланди. Натижада айни вақтда кўплаб мураббийлар «Бавария» таклифини рад этишмоқда: Алонсо, Зинедин Зидан, Юлиан Нагелсман, Ралф Рангник, Хулен Лопетеги, Унаи Эмери, Оливер Гласнер, Роберто Де Дзерби ва Томас Тухел. Ёзда жамоа бошқарувига ким келиши ҳозиргача маълум эмас.

3. Ройс Бундеслига билан хайрлашди

Турнир рамзларидан бирига айланган футболчи Германияни  тарк этмоқда – бу сўнгги 12 мавсум давомида «Боруссия» Дортмунд шарафини ҳимоя қилган Марко Ройсдир. Ушбу ҳужумкор яримҳимоячи бу ой 35 ёшга чиқди. Сўнгги мавсумда у доим ҳам бошланғич таркиб футболчиси бўла олмади, аммо якуний турда илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. Мухлислар томонидан катта перформанс билан қарши олинган футболчи ўзи ҳам гол урди, шеригига голли пас ҳам берди ва олқишлар остида майдонни тарк этди. Хайрлашув орзудагидек кечди. У кейинги мавсумда Бундеслигада ўйнамаслиги аниқ. Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, футболчининг кейинги манзили МЛС чемпионати бўлади.