Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-апрел ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 20,9 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 8,5 млрд долларни, импорт ҳажми эса 12,4 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 9 фоизга, импорт ҳажми 3,9 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 3,9 млрд долларга бўлган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,96 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 19 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Россия (18,4 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (4,4 фоиз) ва Жанубий Корея (3,3 фоиз) билан қайд этилган.

2024 йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улшга эга бўлган топ-10 давлат:
- Хитой – 3,96 млрд доллар;
- Россия – 3,84 млрд доллар;
- Қозоғистон – 1,22 млрд доллар;
- Туркия – 920 млн доллар;
- Корея – 695 млн доллар;
- Франция – 386 млн доллар;
- Германия – 345 млн доллар;
- Афғонистон – 308 млн доллар.
- Туркманистон – 288 млн доллар;
- Ҳиндистон – 270 млн доллар.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан бешта мамлакат – Франция, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 15 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.
Эътиборга молик жиҳати январ–апрел ойларида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, қуйидаги давлатларга экспорт ҳажми сезиларли даражада кўпайган: Россияга (811,5 млн доллардан 1 млрд 21,4 долларга), Францияга (120,6 млн доллардан 264,6 млн долларга), Афғонистонга (258 млн доллардан 301,4 млн долларга). Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё мамлакатларнинг барчасига маҳсулот еказиб бериш қисқарган.
















