Бир томони азим тоғлар, иккинчи томони Оқ денгиз соҳилларига туташ Алания ўлкаси Туркиянинг туризм энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, кейинги йилларда дунёнинг турли мамлакатларидан бу ерга келувчи туристлар сони кескин ошган. Сабаби, Алания туристлар учун катта қулайликларга эга ҳудуд ҳисобланади. Қолаверса, табиати бетакрор.









Аланиянинг энг гўзал жойларидан бири Сападере каньони. Унинг узунлиги 750 метрни, баландлиги 400 метрни ташкил қилади. Каньоннинг кириш қисмидан 600 метр масофага қадар махсус йўлак қурилган. Йўлакнинг пастки қисмидан эса сой оқиб, шаршаралар ҳосил қилиб турибди.

Яриморолда жойлашган Алания қалъаси ҳам ўлканинг диққатга сазовор жойларидан бири. У уч қисмдан — қуйи қалъа, ўрта қалъа ва ичкари қалъадан иборат. Маълумотларга кўра, қуйи қалъада оддий одамлар, ўрта қалъада саройда ишлайдиганлар ва ичкари қалъада ҳукмдорлар яшаган. Тарихи милоддан аввалги бир неча юз йилликка бориб тақалувчи қалъа 1221 йилда Салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод томонидан забт этилган. Унинг даврида қалъада кўплаб қурилишлар амалга оширилган.



























