Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.
Брифингда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари Владимир Путиннинг Россия Федерацияси Президенти лавозимига қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бири бўлган ушбу ташрифини Ўзбекистонга ва кўп миллатли халқимизга бўлган алоҳида муносабат ва ҳурматнинг, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражаси ва Ўзбекистон-Россия муносабатларини чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишнинг тасдиғи сифатида қабул қилаётганини таъкидлади.
– Россия президентининг давлат ташрифи – бу, ҳеч муболағасиз, кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг янги даврини бошлаб берувчи тарихий воқеадир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти мазкур саммитга катта тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидлади. Парламент вакилларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасидаги ўзаро ташрифлар самарали ўтди.
Апрел ойида Тошкентда “Иннопром” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, юзлаб янги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.
Жорий ойда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ҳам Россия ҳудудларидаги ҳамкорларида ташриф билан бўлдилар. Йирик муҳандислик-техник университетлар ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг конференциялари самарали ўтди. Айни кунларда Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этмоқда.
Ҳар доимгидек анъанавий очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган бугунги музокараларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Етакчилар икки томонлама кун тартибининг барча долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, делегация аъзоларининг асосий йўналишлар бўйича ҳисоботларини тингладилар, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Савдо-иқтисодий соҳада амалий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар. Келгусида 30 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш вазифаси қўйилди.


















