27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Бу платформа 6 йил аввал икки давлат раҳбарлари томонидан ишга туширилган бўлиб, қўшма Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми шаклида фаолият юритган.

Ҳудудлараро ҳамкорликнинг жадал суръати, ўзаро инвестицияларнинг юқори динамикаси, қўшма лойиҳалар сони, шунингдек, ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш учун катта салоҳиятни ҳисобга олиб, форум мақомини ошириш ва уни президентлар раислигидаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашига айлантиришга қарор қилинди.

Кенгаш мажлисини очар экан, Шавкат Мирзиёев Владимир Путин ва Россия делегацияси вакилларини, жумладан, 30 га яқин ҳудуд раҳбарлари ва 300 нафар етакчи саноат корхоналари ва бизнес вакилларини самимий қутлади.

– Бундай ҳамкорлик юқори самарадорлик билан ажралиб туради, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга хизмат қилади, – деб таъкидлади Президентимиз.

Бугунги олий даражадаги музокаралар самарали натижалар билан якунлангани, икки давлат ва халқлар манфаатлари йўлида кенг қамровли шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишни кўрсатгани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошидан бери барча даражадаги, жумладан, икки давлат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Биргина ўтган ҳафтада Ўзбекистон вилоятлари делегациялари Россиядаги шерик ҳудудларга ташриф буюрди.

Шу маънода, ҳудудлараро мулоқотни янада ривожлантириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Бугунги кунда ҳудудлар даражасида 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Кенгаш мажлиси доирасида 5 миллиард долларлик янги шартномалар тўплами тайёрланган.

Олий даражадаги музокаралар давомида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш ва келаси йили 10 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш бўйича янги мақсадлар белгилаб олингани мамнуният билан қайд этилди.