Жамият | 14:18 / 01.06.2024
16993
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда 1 июн кунига режалаштирилган «текинга нарса тарқатиш» каби турли акциялар тўхтатилди

ИИВ хабарига кўра, Ашхобод боғида юзага келган тиқилинчда жароҳатланганлар аниқланмаган, тоби қочганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳридаги Ашхобод кўнгилочар боғида бугун, 1 июн куни соат 12:00ларда текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги ахборот ортидан, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан иборат жуда кўп фуқаролар бир вақтнинг ўзида боғ атрофида тўпланди.

ИИВ хабарига кўра, боғга кириш ва чиқиш ҳамда айрим ички йўналишларда тиқилинч вазият ҳамда боғга олиб келувчи ва яқин автомобил йўналишларида тирбандликлар юзага келган.

Қайд этилишича, ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, тиқилинчларни ва йўллардаги тирбандликларни бартараф этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Юзага келган вазиятда жароҳатланганлар аниқланмаган, тоби қочганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Шунингдек, пойтахтдаги жамоат жойларида байрам муносабати билан ташкил этиш режалаштирилган турли «Текинга нарса тарқатиш» каби акциялар тўхтатилгани маълум қилинди.

Мавзуга оид