20-асрнинг иқтисодий мўжизаларидан бири – Японияда қисқа вақтда эришилган жуда катта иқтисодий юксалиш. Япон жамияти бугунги фаровонликка кимларнинг хизматлари эвазига эришилганини яхши тушунган ҳолда, кексаларни парваришлашга катта эътибор қаратади. Яъни миллатни оёққа турғизган авлод – ҳозирги авлоднинг эъзозида.

Kun.uz ижодий жамоаси Японияга сафари давомида энг кекса мамлакатдаги кексалар билан ишлаш тизимини ўрганди.

Қадимий анъаналари ва илғор технологиялари билан машҳур Японияга борсангиз, эътиборингизни тортадиган энг биринчи жиҳатлардан бири – кўчада, жамоат жойларида ёши улуғ японларнинг кўплиги бўлади.

Қарияларнинг 65дан ёшдан тортиб 90 ёшлиларигача Токионинг марказий кўчаларидаги кўплаб дўкон, кафе, станция, такси, транспорт, меҳмонхоналар ва деярли барча хизмат кўрсатиш шохобчаларида меҳнат қилаётганини кўрасиз. 94 ёшли онахон “Макдоналдс”да ишлаётгани ҳам биздан бошқа ҳеч кимни ажаблантирмаётгандек туюлди.

Оилавий дорихонада ишлаётган 101 ёшли аёл ва унинг 85 ёшли ўғли

Дорихонада сотувчи бўлиб ишлаётган 101 ёшли Сузуки Тадако ҳар куни ўз мижозларини қарши олади. Унинг кўзларида бир асрлик донолик, ҳаракатларида эса хотиржамлик ва ишонч мужассам. Тадако урушдан анча олдин, 1923 йилдаги Буюк Канто зилзиласи вақтида туғилган. Иккинчи жаҳон урушигача япон аёлларининг уйдан ташқарида ишлаши одатий ҳол эмас эди, аммо Тадако хоним, етим қолган фарзандларини ёнига олиб, турмуш ўртоғидан қолган дорихона ишини давом эттирди.

Сузуки Тадако

Табиийки, бу онахондан биринчи навбатда узоқ умр кўриш сири нимада эканини сўрадим.

“Мен ҳар доим тик туриб ишлайман, оёқларим доимий ҳаракатда бўлади. Мижозлар билан дилдан суҳбатлашаман, бу эса руҳий жиҳатдан менга катта ёрдам беради, кайфиятимни кўтаради. Энг муҳими, биз японлар 50 ёшдан ўтгач, енгил овқатланишга ўтамиз. Масалан, ёғли ва қизил гўштли балиқларни эмас, балки оқ гўштли балиқларни истеъмол қиламиз.

Турмуш ўртоғимдан ёш бева қолдим. Фарзандларни ўқитиш учун кучли бўлишга, ёлғиз бўлишимга қарамасдан, улар учун кўтаринки кайфиятда бўлишга, позитив қарашга ўргандим. Тўғрисини айтсам, мен узоқ умр кўриш учун махсус ҳаракат қилмаганман, аммо фикрларим доимий ижобий ва кўтаринки руҳда бўлади. Бу, эҳтимол, менга узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришимга ёрдам бергандир”, – дейди у.