Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030 стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сон Фармонида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, Президентнинг 2024 йил 7 февралдаги “Иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-62-сон Қарорида ҳам илмий фаолиятни жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада ошириш, илғор хорижий тажрибага эга илмий-педагогик кадрларни кенг жалб этиш каби масалалар устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад – таълим дастурларини халқаро талаб ва стандартларга мослаштириш, илғор хорижий тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига жорий этиш ҳамда шу асосда бозор талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида юқорида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш, бугунги меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлашда сифатли ва халқаро стандартларга мос таълим бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалий саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 5 та бакалавриат таълим йўналиши: молия, банк иши ва аудит, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, иқтисодиёт ва суғурта иши Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (ИААР(ҲААП)) томонидан ишлаб чиқилган стандартларга мувофиқ халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Халқаро аккредитация агентлигининг сертификатини олиш бу — университетнинг таълим сифати даражаси бўйича халқаро миқёсда эътироф этилишидир. Энди ТДИУ бакалавр дипломини олган битирувчи шу дипломи билан Европа мамлакатларидаги исталган ОТМ магистратурасида таҳсил олиши мумкин. Агентлик экспертлари, бевосита, аккредитацияга жалб этилган таълим йўналишларида таълим олаётган талабалар ва дарс машғулотларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар билан таълим жараёнини ташкил этиш ва унинг сифати юзасидан суҳбатлар уюштирган. Шунингдек, халқаро экспертлар университетнинг аккредитациядан ўтаётган таълим йўналишларини тамомлаган собиқ битирувчилари билан ҳам интервьюлар ўтказган. Корхона ва ташкилотларга ташриф буюриб, бевосита иш берувчилар билан халқаро экспертлар ўртасида бўлиб ўтган мулоқотлар натижалари таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

















